9 Ноябр 2020 йил 854

Китобсевар ички ишлар ходимларига эсдалик совғалари топширилди

Урганч шаҳридаги “Урганч китоб маркази” корхонаси аҳоли ўртасида китобхонлик тарғиботини янгича ёндашув билан амалга ошириб келмоқда.

Асосан китоб савдоси билан шуғулланувчи мазкур корхона китобхон ҳаридорларни доимий равишда рағбатлантириб боришни йўлга қўйган.

Хоразм вилояти ички ишлар органлари ходимларининг доимий ташриф манзилига айланиб улгурган ушбу китоб дўконидан ходимлар нафақат ўзлари учун зарур бўлган юридик ёки сиёсий адабиётларни ҳарид қилишади, шу билан биргаликда оилавий кутубхоналарини ҳам айнан шу дўкондан ҳарид қилинган бадиий ва болалар китоблари билан бойитиб келмоқдалар.

9 ноябрь куни  вилоят ички ишлар органларининг бир гуруҳ ходимлари “Урганч китоб маркази” корхонасига таклиф этилди. Корхона томонидан энг китобсевар-ҳаридор деб топилган ушбу ички ишлар органлари ходимларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Албатта китоб дўкони томонидан тақдим этилган совғаларнинг аксарияти дунё ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларидан иборат китоблар жамланмаси бўлганлиги китобсевар ходимларни янада қувонтирди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур китоб дўкони кўп китоб ҳарид қилган мижозни эмас, ҳарид қилинган китобни ўқиган мижозларни рағбатлантириб боришни асосий шарт қилиб белгилаган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech