Китобхонлик уларнинг табиатига хос
Сўнгги йилларда юртдошларимизнинг, айниқса ёшларнинг китоб мутолаасига ҳаваси ошганлиги ҳеч кимга сир эмас. Албатта бу борада турли соҳа вакиллари ва кенг жамоатчилик ўртасида “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила”, “Зукко китобхон” каби номлар остида ўтказилаётган турли кўрик-танлов ҳамда беллашувлар ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўтказилган кўрик-танловларда ички ишлар органларининг китобхон ходимлари ҳам совринли ўринларни эгаллаб келаётганликлари эътирофга арзийди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, инсон маълум бир сондаги ёки йўналишдаги адабиётларни ўқиш билан чекланиб қолмаслиги керак, доимо изланишда бўлган инсонгина замон билан ҳамнафас яшайди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган ходимлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, уларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Хотин-қизларда китоб мутолаасига бўлган қизиқиш табиатан кучлидир. Шу боис вилоят ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган барча хотин-қизлар ўзларининг бўш вақтини бошқарма кутубхонасида ўтказишлари одат тусига айланган. Бошқарма Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бош инспектори майор Ю.Ҳамдамова ўзидаги ва ҳамкасб дугоналаридаги ушбу ҳислатлардан келиб чиққан ҳолда улар билан тез-тез учрашиб, айни кунларда ўқиган ва ўқиётган китоблари борасида суҳбатлашиб туради.
Ўз навбатида бошқарма кутубхонасига янги келтирилган ўзбек ва жахон адабиётининг дурдона асарлари ҳамда сиёсий ва ҳуқуқий йўналишдаги китобларни ҳамкасбларига ўқиш учун тавсия қилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати