9 Феврал 2024 йил 3461

Комплекс тезкор-профилактик тадбирлар давомида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар фош этилди

Жорий йилнинг 1 февраль кунидан бошланган “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс тезкор-профилактик тадбири давомида Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноятлар фош этилди.

Жумладан, 6 февраль куни, Хоразм вилояти ИИБ ва Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ тезкор ходимлари Урганч тумани “Ҳидоят” маҳалласида яшовчи, 1971 йилда туғилган, Қ.Д. нинг уйида уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганида,   ётоқхонасидаги темир сейф ичида ва омборхонасида жами 252 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини  қонунга хилоф равишда сақлаб келганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шунингдек, 8 февраль куни Урганч шаҳрининг “Янги ҳаёт” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1971 йилда туғилган Қ.А. нинг уйи кўздан кечирилганида омборхонасида 12 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси, 20 грамм “каннабис” ўсимлик уруғи ҳамда 14 миллион сўм, 610 АҚШ доллари, 7500 Россия рубль пул бирликлари борлиги, ётоқхонасидаги шкаф ичида эса тегишли ҳужжатлари бўлмаган бир дона пневматик қурол ва 200 дона ўқ-дорилар ҳамда бир дона ов пичоғини сақлаб қўйганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

9 февраль куни Ҳазорасп тумани “Овшар” маҳалласида ҳаракатланиб келаётган, 1971 йилда туғилган, Т.Э. ва 1957 йилда туғилган О.С. лар гумондор тариқасида тўхталиб, ёнлари холислар иштирокида кўздан кечирилганида, Т.Э. чўнтагида 1 грамм “героин”, О.С. эса чўнтагида 0,6 грамм “героин” ва 2,4 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаб қўйганликлари маълум бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech