Конституция - ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати. Мадҳиямиз–фахримиз.
Хоразм вилояти ички ишлар органларида “Маънавият ва маърифат дарслари”ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади.
Чунки, ички ишлар органлари ходимларини она-Ватанга ва халқига содиқ, касбига фидойи, мустақил фикрлайдиган, изланувчан, интилувчан, зийрак, ҳушёр ҳамда истиқлол ғояларига садоқатли бўлган маънавиятли ва маърифатли қилиб тарбиялашда айнан “Маънавият ва маърифат дарслари”нинг ўрни беқиёсдир.
Навбатдаги “Маънавият ва маърифат дарси” Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган ва Давлат мадҳияси тасдиқланган саналар муносабати билан байрамона тусда бўлиб ўтди, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижроси билан бошланган дарс машғулоти Урганч давлат университети Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси кафедраси доценти, фалсафа фанлари доктори Қосимбой Қобуловнинг маърузаси билан давом этди. Маърузачи ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг қабул қилиниш тарихи, “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун”, шунингдек дунё мамлакатларининг мадҳиялари тўғрисида ҳам атрофлича тушунтириш бериб ўтди.
Шундан кейин дарс машғулоти “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” мавзусида давом этди. Ушбу мавзу юзасидан ТАТУ Урганч филиали, Телекоммуникация технологиялари факультети декани ўринбосари, Ғуломжон Ахмедов сўзга чиқиб, конституциялар тарихи, хусусан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш жараёни, унда қайд этилган нормалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Семинар якунида ходимларнинг машғулотда олган билимларини янада мустаҳкамлаш ва синовдан ўтказишга қаратилган викторина ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қайд этилган моддалардан ташкил топган викторина саволларига жавоб беришда машғулотда иштирок этган барча ходимлар фаол қатнашдилар.
Саволларга тўғри ва тўлиқ жавоб берган иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси китоби совға қилинди.
Бу каби ўзига хос тарзда ўтказилаётган “Маънавият ва маърифат дарслари” орқали ички ишлар органлари ходимларига юртимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, жамиятни демократлаштириш, янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти чуқур ўргатилиб, уларнинг талаблари асосида юклатилган вазифаларни онгли равишда ижро этишларига эришиш шубҳасиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати