Кўрик-танловнинг республика босқичига старт берилди
Урганч шаҳрида ички ишлар органларининг патруль-пост хизматлари ўртасида “Намунали патруль-пост хизмати ходими” ва “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” кўрик-танловларининг республика босқичига старт берилди.
Мазкур кўрик-танловлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги “Ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмаларининг касбий тайёргарлигини такомиллаштириш, билим савиясини ошириш, уларнинг хизмат ва жанговар шайлигини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Ҳудудий ички ишлар органларининг патруль-пост хизматлари ўртасида ўртасида ўтказилган “Намунали патруль-пост хизмати ходими” ва “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” кўрик-танловларининг ғолиблари жорий йилнинг 4 ноябрь куни Урганч шаҳрига етиб келдилар ва кўрик-танловнинг шартларини бажаришга киришдилар.
Иштирокчиларнинг соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзлаштирганлик даражаси, табель қуролидан амалий ўқ отиш, қўл жанги усулларини бажариш, тўсинда тортилиш, 100 метрга югуриш, 3000 метрга югуриш, 50 метрга сузиш ва саф тайёргарлиги бўйича билим ва маҳоратлари синовдан ўтказилади.
7 ноябрь кунига қадар давом этадиган кўрик-танлов ғолибларини диплом, кубок ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш назар тутилган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати