27 Апрел 2022 йил 415

Корхона ва ташкилотларнинг ходимларига ўтказилган тарғибот тадбирлари қизғин баҳс ва мунозаларга бой бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил февраль ойидаги “Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази бошчилигида, мутасадди вазирлик ва идоралардан тузилган Ишчи-гуруҳи Хоразм вилоятида 200 нафар вилоят ҳудудида фаолият олиб борувчи 46 та корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари, ахборот коммуникация технологияларини жорий этишга масъул ишчи хизматчилари, вилоят Ички ишлар бошқармасининг ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўйича бириктирилган шаҳар-туман ички ишлар органларининг тезкор ходимларига “Кибержиноятлар бугунги кундаги асосий тахдидлардан бири” мавзусида тарғибот тадбирларини ўтказдилар.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги масъул ходими С.Б.Садиков Президент қарорининг ижроси юзасидан Вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар, Интернетдаги таҳдидларни барвақт олдини олиш бўйича 3 қатламли комплекс тарғиботчора-тадбирларининг мазмуни ва моҳиятини иштирокчиларга етказиб ўтди.

Шундан сўнг, Вазирлик масъул ходимлари, Ишчи-гуруҳ вакиллари Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори вазифасини бажарувчи М.М.Кахарова, Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги “Киберхавфсизлик маркази” Давлат унитар корхонаси бош мутахассиси Ф.А.Абдусалямовлар томонидан “Кибержиноятлар бугунги кундаги асосий таҳдидлардан бири”, “Аҳоли ўртасида интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришнинг маънавий маърифий жиҳатлари”, “Корхона ва ташкилотларда киберхавфсизлик талабларига риоя этиш масалалари” мавзуларида чиқишлар қилинди.

Кейинги ўринда, иштирокчиларга Вазирлик Киберхавфсизлик маркази томонидан ишлаб чиқилган “Киберёрдамчи” тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлиб, иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Хоразм вилояти ўтказиладиган тарғибот тадбирлари доирасида Ишчи-гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech