7 Март 2022 йил 471

Мактаб-интернатда 8 март – Хотин қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди

Кўзи ожиз болалар таҳсил олиб келаётган махсус мактаб-интернатларга давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ички ишлар органлари томонидан ғамҳўрлик қилиш белгиланди.

Шу қаторида Хива шаҳридаги 121-сонли кўзи ожиз болалар таҳсил олаётган мактаб-интернат ҳам Хоразм вилояти ИИБ томонидан оталиққа олинди.

Шундан келиб чиққан ҳолда вилоят ИИБ томонидан мазкур мактаб-интернатни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга, у ерда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг она-Ватанимизга садоқатли бўлиб камолга етишларига эътибор қаратиш билан биргаликда, муассаса ўқитувчи-педагоглар жамоасини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида масъулият билан қараб келинмоқда.

Мактаб-интернатда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Хоразм вилояти ИИБ ташаббуси билан уюштирилган байрам тадбири ҳам юқори савияда ташкил этилди.

Байрам тантанасида Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов сўзга чиқиб, иштирокчиларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан самимий муборакбод этди.

Бошқарма бошлиғига ҳамроҳлик қилган Хива шаҳар Ҳокими Т.Давлетов ҳам мактаб-интернатда фаолият кўрсатаётган барча аёллар ва ўқувчи қизларга ўзининг самимий байрам тилакларини изҳор қилиб ўтди.

Шундан кейин мактаб-интернатда ўқитувчилик қилиб келаётган хотин-қизларга ва ўқувчи қизларга байрам совғалари топширилди.

Шунингдек мактаб-интернатга вилоят ИИБ томонидан топширилган учта телевизор, битта кондиционер ва офис жиҳозлари байрамга муносиб совға бўлди десак муболаға бўлмайди.

Тантанали тадбир байрам дастурхони атрофида хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар билан янада файзга тўлди.

Ўз навбатида мактаб-интернат жамоаси кўрсатилган эътибор ва ғамҳўрлик учун миннатдорчилик билдирдилар.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech