10 Феврал 2022 йил 958

Маьмурий суд ишларини юритишда - янги босқич

Муҳтарам Президентимизнинг қарор ва Фармонлари билан суд тизими соҳасида бир қатор ислоҳотлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 29 январь куни имзоланган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 107-сонли Қарори давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришдан иборатдир.

Ушбу қарорда маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш белгилаб қўйилди.

Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланган.

Маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда эса, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши, шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш ва процессуал қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиши белгиланган.

Қарорда жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадидапроцессуал қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш белгилаб қўйилди.

Тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш белгиланиши айни муддао бўлиб, тарафлар ўртасидаги низони ҳал қилишда қонунийлик тўлиқ  таъминланиши билан бирга, суд томонидан тасдиқланган келишув битимини ижрога қаратилишида тарафларга қулайликлар яратади ҳамда қисқа муддатларда низоларни ҳал этилишига эришилади.

Шунингдек, Фармонда давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда маъмурий судлар томонидан қўлланилиш тартиби қонун нормаларида белгиланиши фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тикланиши бир сўз билан таъкидланганда маъмурий суд ҳимоясида эканлигидан далолат беради.

Судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш, маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланиши, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланади.

Ушбу қонун нормасининг киритилиши ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг ёки тадбиркорлик субъектларининг судма-суд юриб, овора бўлишларига барҳам беради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қарорнинг қабул қилинганлиги мамлакатимизда суд тизимини демократлаштириш, одил судловни амалга оширишда қонун устуворлигини, судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда халқнинг судга бўлган ишончини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Урганч туманлараро маъмурий судининг судьяси

                  С.Аллаберганов

Text to speech