28 Феврал 2022 йил 2593

Маънавий-маърифий тадбир Зулфияхоним таваллудининг 107 йиллигига бағишланди

Ўзбек шеъриятининг оташнафас шоираларидан бири, инсон руҳияти дунёсининг бетакрор куйчиси шоира Зулфия Исроилова таваллудининг            107 йиллиги муносабати билан 28 февраль куни Ички ишлар вазирлиги Хоразм академик лицейида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда лицейнинг 1-босқич ўқувчи қизлари ўртасида “Шеърият маликаси” деб  номланган беллашув бўлиб ўтди.

Беллашув “Зулфияхонимни биласизми?”, "Мушоира”, "Бадиий маҳорат” шартлари асосида ўтказилди.  

Тадбирни лицей директори полковник  Р.Р.Машарипов кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, тадбирда сўз олган Хоразм вилояти ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шоира Шамс шоиранинг беназир шеърияти ҳақида тўхталиб ўтди.  Ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши масъул ходими Ф.Отажонов ўқувчиларга ўз эсдалик совғаларини тақдим қилди.

Беллашувда қизлар Зулфияхоним ҳаёти ва ижоди ҳақидаги ўз билимларини, ифодали ўқиш маҳоратларини намойиш қилдилар. Маҳорат шартида Зулфияхоним издошлари ҳар соҳада илғор эканлиги яна бир бор ўз ифодасини топди.

Муросасиз кечган беллашувда 104-гуруҳ ўқувчиси Отабоева Рўзахон биринчи ўринни, 106-гуруҳ ўқувчиси Комилжонова Севинчой иккинчи ўринни ва 107-гуруҳ ўқувчиси Зарипбоева Азиза учинчи ўринни қўлга киритдилар. Ғолиблар лицей раҳбариятининг диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Тадбир йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, албатта ёш авлодни ўз аждодларидан фахрланиш ва уларга муносиб ворис бўлишга интилиши, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларда Она Ватанга муҳаббат каби туйғуларни шакллантиришдан иборатдир.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech