Мақсадимиз муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш
Бугунги кунда Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда янгича ёндашув билан киришилган.
Бу борадаги ишлар қаторига Хоразм вилоятида маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг барчаси билан вилоят ИИБ раҳбарияти ва маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона бошлиғи томонидан профилактик сухбатлар ўтказилаётганлигини ҳам киритиш мумкин.
Мазкур муассасага хотин-қизлар келтирилган ҳолатларда эса, улар билан қатъий тарзда вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича масъул ходималари профилактик сухбат ўтказадилар.
Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган шу турдаги профилактик сухбатлар натижасида, маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан 22 нафар шахснинг оила-турмуш доирасидаги, 26 нафар шахснинг қўшнилари билан ўзаро низолари бартараф этилган бўлса, 12 нафар шахс доимий иш билан таъминланди. Шунингдек 8 нафар шахсга фуқаролик паспорти расмийлаштириб берилди.
Ўтказилган таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга қаратилган профилактик сухбатлар йўлга қўйилганидан кейин ушбу шахслар томонидан қайта ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатларининг кескин камайишига эришилган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати