Натижалар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди
Ички ишлар органларида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимлари жорий қилинганлигига тарихан кўп вақт бўлмаган бўлсада, ушбу лавозимларда хизмат қилаётган хотин-қизлар томонидан амалга оширилган ва оширилаётган ишлар тарих зарварақларидан ўрин олишга арзийди десак муболаға бўлмайди.
Албатта ички ишлар органларининг янги соҳавий йўналишларидан бири бўлган мазкур йўналишда ишларни тизимли ташкил этишда зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш билан биргаликда, инспекторларнинг иш фаолиятини мунтазам таҳлил қилиш, галдаги вазифаларни бажаришда зарур тавсиялар бериш ҳам муҳим ўрин тутади.
Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қадирханова ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи, полковник У.Ҳ.Абдуллаевалар томонидан вилоят ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари билан ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Хоразм вилоятида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш мақсадида ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.
М.Қадирханова ва полковник У.Ҳ.Абдуллаевалар хотин-қизлар билан ишлаш тизимини самарали ташкил этиш борасида жойларда амалга оширилаётган энг илғор тажрибаларни республикамиз бўйлаб оммалаштириш юзасидан топшириқлар бердилар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати