Навбатдаги “Маънавият ва маърифат” дарси таассуротларга бой бўлди
Хоразм вилояти ИИБ аппарати ходимлари билан жорий йилнинг 6 ноябрь куни ўтказилган навбатдаги “Маънавият ва маърифат” дарси таассуротларга бой бўлди десак муболаға бўлмайди.
“Болангиз китоб ўқияптими?” номли мавзуда Урганч давлат университетининг филология факультети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти Бекпошша Раҳимова томонидан берилган маълумотлар илмий асосланганлиги билан тингловчиларда катта қизиқиш уйғотган бўлса, вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Рашид Султоновнинг “Экополиция – табиат ҳимояси сари муҳим қадам” мавзусидаги ҳисобот маърузаси, бугунги кунда мамлакатимизда табиатни асраб-авайлаш борасида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни батафсил ёритиб берди.
Мамлакатимиз маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан боғлиқ жараёнларни ўзида акс эттирган ахборот лавҳасининг намойиш этилганлиги эса тингловчиларнинг бугунги кун янгиликларидан хабардор бўлишлари таъминлади.
Шундан кейин, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган бир гуруҳ ички ишлар ходимларига навбатдаги махсус унвонлар тантанали тарзда топширилди.
Раҳбариятнинг ишончи, ҳамкасбларининг олқиши бугун унвони бир поғона ошган ушбу ходимларга келгуси хизмат фаолиятида янги куч бағишлаб, юксак зафарлар сари ундаши шубҳасиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати