7 Июл 2022 йил 557

Назорат-лицензиялаш фаолиятида тарғибот тадбирлари алоҳида ўрин тутади

Хоразм вилояти ИИБ ЖХХ ППХ ва ЖТСБ назорат-лицензиялаш фаолиятини ташкил этиш гуруҳи ходимлари томонидан маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти, маъмурий ва жиноий жавобгарлик оқибатлари юзасидан тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. 

-Жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида фуқаровий ва хизмат қуроли, унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни бериш, уларга эгалик қилишнинг талаблари ва шартларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани батафсил тушунтириб берилмоқда,-дейди вилоят ИИБ ЖХХ ППХ ва ЖТСБ катта инспектори, катта лейтенант Музаффар Рахмонов.-Жумладан, жиноят кодексининг 247-, 248-, 249-моддалари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-, 220-, 220-1, 221-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, ўқотар бўлмаган қуроллар яъни пневматик, газли, сигнал берувчи, улоқтириш ва тиғли совуқ қурол ва электрошок қурилмалари ва ўқотар қуролнинг асосий қисмлари билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузганлиги учун жиноий ҳамда маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди. Қурол эгалари ва уларнинг яқин қариндошларини қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан тиббий текширувдан ўтказиш тартиби, шунингдек, қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар рўйхатлари тасдиқланди. Ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёши 25 ёшгача узайтирилди. Барча турдаги пневматик қуролга эгалик қилиш фақат ички ишлар органларнинг рухсатномаси асосида амалга оширилиши ҳамда фуқаро эгалигида бўлиши мумкин бўлган бундай қуроллар сони 3 донадан ошмаслиги белгиланди. Биттадан ортиқ ҳар бир сойли стволли ўқотар ов қуролига, пневматик ов қуролига ва силлиқ стволли ўқотар ов қуролига эгалик қилганлик учун ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида йиғим ундирилади. Энг муҳими, биринчи маротаба фуқаровий қуролни (ўзини ўзи ҳимоя қилиш, газли ва электрошокер қурилмалари бундан мустасно) олишда қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бўйича махсус қисқа муддатли ўқув курсларида мажбурий ўқитиш тартиби белгиланди.

Тарғибот тадбирларида ҳар бир иштирокчи мазкур қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида батафсилроқ маълумотлар олишга ҳаракат қилишмоқда.   

 

                                                                      Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                      “Postda” мухбири 

Text to speech