Одам савдоси – давр муаммоси
Ҳозирги кунда асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш нафақат мамлакатимиз балки халқаро, минтақавий муносабатларни талаб этади.
Дарҳақиқат, бугун юртимизда амалга оширилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили туради.
Шу мақсадда Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан одам савдосига қарши курашиш йўналишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам ташкил қилиниб келинмоқда.
Жумладан, вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси, Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича «ISTIQBOLLI AVLOD» нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда Урганч Халқаро аэропортида ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбири аҳолини инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилувчи, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилишига олиб келувчи одам савдосидек оғир жиноят тўғрисида хабардор қилишда принципиал янгича ёндашув бўлди дейиш мумкин.
Мазкур тадбир давомида халқаро рейсда хорижга кетаётган йуловчилар билан яккама якка суҳбатлашиб, уларнинг сафар мақсади, кўзлаган манзилларида ишлаш ва яшаш шароитларининг нечоғлик кафолатланганлиги ҳамда одам савдоси жинояти ва унинг оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Тадбир доирасида юртдошларимизга, хорижга меҳнат қилиш истаги билан отланиб кетаётган ёшларга одам савдоси мавзусидаги, огоҳлантирувчи тусга эга турли буклет ва флаерлар ҳам тарқатилди. Тушунтириш ишлари давомида одам савдоси билан боғлиқ вазиятга тушиб қолганларга кўмаклашиш мақсадида ишга туширилган “Долзарб алоқа” тармоғи мавжудлиги ва бу телефон рақами орқали маслаҳат олиш истагида қўнғироқ қилган шахс маълумотлари сирлиги сақланиб қолиши ва барча бериладиган ёрдам кўринишлари мутлақо бепул кўрсатилиши алоҳида таъкидланиб ўтилди.
Инсонлар бойлик орттириш мақсадида ўз яқинларини, қариндош-уруғларини, маҳалла-куйда яшаб турган маҳалладошларини турлича алдовлар билан ўзга мамлакатларда яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетиб, сотиб юбораётганликлари жуда ҳам ачинарлидир. Бу жиноят инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда унинг келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва ҳавотир уйғотиб келмоқда.
Шу сабабли инсонларда, айниқса чет элга яхши ҳақ тўланадиган ишларниниг кетидан қувиб кетаётган, жиноятчиларнинг қуруқ ваъдаларига ишониб қолаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданиятини, онгини ошириш энг олий мақсадимиз бўлиб қолмоқда.
Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликдаги бу каби манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари узвий равишда давом этмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати