28 Феврал 2023 йил 606

Одил судлов – инсонпарварлик ва адолат устуни

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига навбатдаги мурожаатномасида бу ислоҳотлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, 2023 йил ҳам қонунчиликда сермаҳсул ва самарали бошланди. Изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида Президентимиз 16 январь куни “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда  “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармонларни имзолади.

Фармонда туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилаётгани суд қарорлари қонуний ва адолатли қабул қилинганини текширишнинг қулай ва соддалаштирилган тартибини яратади. Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилади. Бунда биринчи инстанция судининг қарор ёки ҳукмидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади. Суд ишидан яна норози бўлган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тафтиш тартибида кўриб чиққан ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади. Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилинаётгани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга умид ва ишончини мустаҳкамлайди.

         Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини беради.

Инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилган ушбу фармонларда судьяларнинг чинакам мустақиллиги таъминланиши, уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши белгилангани ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги ва сифатли босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари янада кучайтирилиб, иш бўйича барча холатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилиши, далилларга холисона баҳо берилиши, ҳуқуқ-тартибот идораларининг тамомила янгича ишлаши ва халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишда муҳим ўрин тутади.  

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да қабул қилинган мазкур ҳужжатлар судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтирмоқда. Судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш холатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш мезонларини белгилаб бермоқда. Суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлашда давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти оширилиб, халқимизнинг одил суд ва давлатдан рози бўлишига эътибор кучайтирилмоқда.

 

Урганч туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                

Сардорбек  Аллабергенов  

Text to speech