8 Ноябр 2021 йил 462

Ойлик доирасида ўтказилган тадбирлар натижасида гиёҳфурушлар фош этилди

Ноябрь ойи мамлакатимизда “Таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, шунингдек кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилиниб, мазкур ойлик доирасида ички ишлар органлари томонидан бир қатор тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда гиёҳфурушлик билан шуғулланувчи шахсларнинг қилмиши фош этилди. Жумладан, 1981 йилда туғилган, Урганч шаҳрида яшовчи, илгари ҳам гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини содир қилганлиги учун судланган,  Қ.Қ. Урганч шаҳри ҳудудида бир бўлак “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 900 000 сўмга сотаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Шундан кейин унинг жиноий шериги, Хива шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган, М.М.нинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганида, у ўз уйида “опий”, “марихуна”, “каннабис” каби гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида ҳам гиёҳфурушлик билан боғлиқ навбатдаги жиноят фош этилди. Қоғоз ўрами ичида бўлган “марихуна” гиёҳвандлик воситасини, қонунга хилоф эканлигини била туриб, 500 000 сўмга сотаётган, 1977 йилда туғилган, Урганч шаҳрида яшовчи, Ф.О. ҳам жиноят устида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди, шундан кейин давом этган тезкор тадбир натижасида, Урганч шаҳрида яшовчи, 1965 йилда туғилган, Ю.М.нинг уйида холислар иштирокида тинтув ўтказилди. Ушбу хонадондан келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб қоғоз бўлакларига алоҳида-алоҳида қилиб қадоқланган ҳолда сақлаб келинган “марихуна” гиёҳвандлик воситалари холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Мазкур холатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech