Олис ҳудудларда осойишталик
Ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Айни кунда бу борадаги ишлар кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамжиҳатликда самарали давом этмоқда.
Тупроққалъа туманининг ташкил этилганига икки йилдан ошди. Ўтган қисқа давр ичида бу ерда кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида кўплаб маъмурий бинолар, маданий-маиший объектлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилди ва ишга туширилди. Энг муҳими, давлат идоралари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда очиқлик, шаффофлик, дўстона муҳит яратилди.
-Ички ишлар органларининг маҳалла фаоллари билан ҳамкорлигини самарали ҳамда тизимли ташкил этиш, фуқароларнинг мурожаатлари, таклиф ва истакларини тинглаш ва ижобий ҳал этиш, ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш кундалик хизмат жараёнларимизнинг асосини ташкил этади,-дейди Тупроққальа тумани ИИБ бошлиғи, майор Ихтиёр Аллаберганов.-Кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Маҳаллабай”, “Хонадонбай”, “Фуқаробай” тамойили асосидаги ўрганишларда ҳар қандай кўринишдаги ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда истиқомад қилувчи фуқароларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, оилавий аҳволини ўрганиш, иш билан таъминлаш, муаммоларига ечим топиш, тадбиркорликка жалб этиш масалалари ижобий ҳал этилмоқда.
Ички ишлар бўлимида ходимларнинг самарали хизмат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Бўлим биноси замонавий услубда таъмирдан чиқарилган бўлиб, мебель жиҳозлари, алоқа воситалари ҳамда компьютер техникалари билан таъминланган. Навбатчилик қисми, тергов, жиноят қидирув, профилактика, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига энг тажрибали ходимлар жалб қилинган бўлиб, уларнинг хушёрлиги туфайли жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинмоқда.
Туман ҳудудида ўтказилаётган профилактик тадбирларда жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг содир бўлиш сабаблари, уларга имкон бераётган шарт-шароитлар, ҳуқуқбузарнинг шахси ва уни жиноятга ундаган ҳолатлар пухта ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўриляпти. Шунингдек, маҳаллаларда яшовчи муқаддам судланган, спиртли ичимликларга ружу қўйган шахслар, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ҳамда нотинч оилаларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, бу йўналишдаги вазифалар алоҳида таҳлил қилинмоқда. Айниқса, ҳудудларда содир қилинган ва шу кунгача фош қилинмасдан келинаётган жиноятлар ҳамда қидирувда бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар кайта кўриб чиқилиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар ташкил қилинди. Амалга оширилган бундай кенг кўламдаги саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туман ҳудудида барча соҳалар бўйича қайд қилинган жиноятлар 7,9 фоизга камайди. Ушбу рақамларни маҳаллалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, туман ҳудудида жойлашган 18 та маҳалланинг 4 тасида жиноят содир этилмади. Бу рақамларни ижобий кўрсатгич сифатида қараб бўлмайди.
-Содир этилган битта жиноят ҳам осойишталикка жиддий хавф солиши мумкин,-дейди туман ИИБнинг ташкилий бўлинмаси бошлиғи, майор Азамжон Ражабов.-Шу боис, туманнинг барча маҳаллаларида жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, бу борада жамоат уюшмалари билан ҳамкорликни тизимли равишда ташкил этиш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Профилактика инспекторлари томонидан ўзлари хизмат олиб бораётган маҳаллада истиқомат қилаётган кам таъминланган ҳамда нотинч оилалар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир қилишга мойил бўлган шахслар, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар, уюшмаган ёшларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, ушбу оилаларда маҳалла фаоллари, таълим муассасалари, меҳнат бўлими ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда манзилли профилактик ишлар олиб борилмоқда. Бундан асосий мақсад, ҳар бир маҳаллани жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантиришдир.
Туман ҳудудида ўтказилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан баъзи фуқаролар ҳамон қонун талабларини бажармасдан жиноятга қўл уришмоқда
Жорий йилнинг 15 апрель куни вилоят ИИБ ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида тумандаги “Шарлауқ” маҳалласи ҳудудида ҳаракатланиб бораётган “Nexia” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганида автомашина йўловчиси ҳазорасплик А. Ф.нинг чўнтагидан умумий оғирлиги 0,15 грамм бўлган “Героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди ва ашёвий-далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Шу йилнинг 16 апрель куни вилоят ИИБ ва туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда тўрткўллик Ф.А. шартли “харидор” Т.М.га 0,65 грамм “Героин” гиёҳвандлик воситасини 2 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий-далиллар билан ушланди.
-Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1416 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, қонунбузарлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилди,-дейди туман ИИБ ЖХХ ҲПБ катта инспектори, катта лейтенант Муроджон Ахмедов.-Маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи муқаддам судланган шахсларнинг 25 нафарига айнан профилактика инспекторлари ташаббуси билан маъмурий назорат ўрнатилди. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан майда безорилик содир қилган 36 нафар ҳуқуқбузарлар маъмурий ишлар бўйича туман судининг қарорига асосан маъмурий қамоққа олинди. Спиртли ичимликка ружу қўйган 3 нафар шахс вилоят наркология диспансерининг мажбурий даволаш бўлимига жойлаштирилди. Шунингдек, маҳаллалар кесимида амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида қотиллик, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, товламачилик, автотранспорт воситасини олиб қочиш, безорилик, ўртача оғир ва енгил тан жароҳатлари етказиш каби жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади. Фирибгарлик 25 фоизга, иқтисодий жиноятлар 40 фоизга камайишига эришилди.
Туман ҳудудидаги барча маҳаллаларда жамоатчилик назорати масканлари ташкил қилинган бўлиб, бу ерда ташаббускор ёшлардан иборат тунги навбатчилик гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу фидойи ёшларнинг хушёрлиги туфайли 210 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қонунбузарлар тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, маҳаллалар ҳудудининг одамлар гавжум жойларига, корхона, ташкилот, муассаса ҳамда савдо шаҳобчаларига видеокузатув мосламалари ўрнатилди ва бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.
Туман ИИБ бошлиғи, майор Ихтиёр Аллаберганов раҳбарлигидаги 3-сектор ҳудудида 6 та маҳалла мавжуд бўлиб, у ерда 15.630 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида сектор ҳудуди “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” “Фуқаробай” кесимида тўла ўрганиб чиқилиб, аниқланган муаммо ва камчиликлар “Йўл харитаси”га киритилди. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида 24 маротаба сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқароларнинг фикрлари, таклиф ва истаклари тингланди. Мавжуд мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар тегишли идораларга юборилди ва ижроси назоратга олинди.
Сектор ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш, фуқароларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, йўл ва кўприкларни таъмирлаш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик каби қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларини ислоҳотлар талаблари даражасида ривожлантириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган фуқароларнинг турмуш тарзидаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактик тадбирларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари, ёшлар ташкилоти ҳамда тегишли идоралар билан ҳамжиҳатликда аниқ ва тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бундан ташқари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” бўйича амалга оширилаётган вазифалар ҳар ой якуни бўйича сарҳисоб қилиниб, келгусидаги режалар белгилаб олинмоқда. Кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликдаги ишлар самарали ташкил этилаётгани боис, “Йўл харитаси”га киритилган барча режалар ўз муддатида бажарилишига эришилмоқда.
Вилоятнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Тупроққалъада амалга оширилаётган бундай кенг кўламдаги саъй-ҳаракатлар натижасида юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминланмоқда. Кўплаб жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олиняпти.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.