Осойишталик маликалари
Осойишталик маликалари
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг турмуш тарзини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун барча зарур шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай имкониятлардан руҳланган аёлларимиз янги Ўзбекистонни барпо этишдек муҳим жараёнларда янада фаол иштирок этиб, зиммаларидаги вазифаларни сидқидилдан бажаришяпти. Улар орасида халқ осойишталигини таъминлашдек ғоят шарафли вазифани ғайрат-шижоат билан уддалаётган хотин-қизлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бу нозик хилқат эгалари жамоат хавфсизлигини таъминлаш, турли кўринишдаги жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда эркаклар билан ёнма-ён туриб кечаю-кундуз фидойилик билан хизмат қилишмоқда. Шунингдек, улар ички ишлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходималари ўртасида ўтказилаётган турли кўрик-танловларда, спорт мусобақаларида, маънавий-маърифий тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб, совриндорлар сафидан муносиб жой олишяпти. Қалбида Ватан меҳри жўш урган бундай мард ва жасур Тўмарис издошлари Хоразмда ҳам талайгина. Вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган подполковниклар Дилноза Боғибекова, Сайёра Аллаберганова, Гульноза Гулямова, Юлдуз Ҳамдамова, Лилия Залилова, майорлар Наргиза Бекчанова, Дилдора Сапарова, Юлдуз Казакова, капитанлар Севара Худойберганова, Зубайда Ахмедова, Насиба Абдуллаева, Малика Матниёзова, сержантлар Нигора Нурметова, Фазилат Заргарова, Сурайё Жуманиёзова, Тиббиёт хизматидан подполковник Наргиза Қурбонова, ҳамширалар Меҳрибон Қаландарова, Нигора Рахимова, Гулираъно Примбетова, Гулбаҳор Қличева сингари кўплаб юртимизнинг фидойи аёлларини фахр ва ифтихор билан тилга олишимиз мумкин. Улар осойишталигимизнинг хушёр ва довюрак посбонлари, ёшларимизнинг меҳрибон ва доно мураббийлари, оиланинг оқила ва зукко тарбиячиларидир. Бундай гўзал фазилатларга эга бўлган матонатли аёлларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Севимли шоиримиз Беги Дўстнинг ушбу сатрлари Сизга берилган юксак эътирофнинг ёрқин намунасидир.
Алп йигитлар билан биргасиз,
Машғулотда дала, қирдасиз,
Аниқ урар мерган “Тир”да Сиз,
Жасоратли посбон аёллар,
Латофатли жанон аёллар.
Эл осуда, ширин уйқуда,
Ором олиб ётганда тунда,
Хизматдасиз қорда, қуюнда,
Матонатли посбон аёллар,
Диёнатли посбон аёллар.
Байрамингиз муборак бўлсин, осойишталигимиз маликалари.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда”мухбири