16 Март 2024 йил 2846

Оталиққа олинган ёшлар доимо эътиборимизда

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан оталиққа олинган ёшлар билан 16 март куни бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилди.

Тадбирга вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан оталиққа олинган 2350 нафар ёшлар таклиф этилди.

Иштирокчи ёшлар дастлаб Хоразм вилояти ИИБ ташаббуси билан Урганч туманида ташкил этилган “Ватанпарварлик боғи”да бўлдилар. Боғнинг ўзига хос дизайни ва унда ўрнатилган кўргазмали экспонатлар, тарихий ҳодисалар ҳамда буюк аждодларимиз тўғрисидаги маълумотлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

Шундан кейин автобуслар карвони Урганч шаҳри томон йўл олди. Асосий маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган “Ёшлик” спорт комплексига етмасдан автобуслардан тушган шижоатли ёшлар давлатимиз байроғини  баланд кўтарган ҳолда шахдам қадамлар билан 2000 метр масофасини пиёда босиб ўтдилар.

Уларни спорт комплекси олдида ҳарбий оркестр тантанавор мусиқалар билан кутиб олди. Шунингдек мажмуа олдида ёшларга ички ишлар органларининг махсус автомототранспортлари, хизмат отлари, “Хоразм тажрибаси” тариқасида жорий этилган умумтаълим мактабининг ўқувчиларидан иборат “Ички ишлар органлари ёш тарғиботчилари” гуруҳлари таништирилди.

Бўш иш ўринлари бўйича ташкил этилган меҳнат ярмаркаси эса бир гуруҳ ёшларимизнинг ўз мутахассислиги ва қизиқиши асосида ишга жойлашишида муҳим роль ўйнади.

Шундан кейин спорт мажмуасида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти ва ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари мазкур учрашув бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлаб,  мусобақага старт берди.

Иштирокчи ёшлар шу ерда спортнинг “Мини футбол”, “Волейбол”, “Арқон тортиш”, “Стол тенниси”, “Шашка”, “Шахмат”, “Миллий кураш”, “Армрестлинг” турлари бўйича ўзаро куч синашган бўлсалар, “Заковат” интеллектуал ўйинида билим ва зукколикларини синовдан ўтказдилар.

Тадбирлар жараёнида иштирокчиларнинг вақтини мароқли ўтказиш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида совринли викторина ўйинлари ташкил этилиб, фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, бошқарма тезкор ҳаракатланувчи бўлинмаси ва ИИВ Хоразм академик лицейи ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари эса барчага кўтаринки кайфият улашди.

Тадбир якунида мусобақа ғолибларини тақдирлаш жараёни бўлиб ўтди.

Ғолибларга диплом, медаль, кубок ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Бундан ташқари ички ишлар органлари томонидан оталиққа олинган бир гуруҳ ёшларга олий таълим муассасаларида ўқиш учун тўлов-контракт суммаларини қоплаб беришга оид сертификатлар, яна бир гуруҳ ёшларга спорт кийимлари топширилди.

Деярли бир кун давомида бўлиб ўтган ушбу маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари ёшларда ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш билан биргаликда, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади десак муболаға бўлмайди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech