17 Феврал 2023 йил 527

“Пайшанба - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”да талабалар билан тарғибот учрашуви ўтказилди

16 февраль куни Хоразм вилоятида “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан профилактик йўналишдаги турли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Урганч давлат университетида бўлиб ўтган тарғибот учрашувида иштирок этган вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, капитан С.Худайберганова, бевосита шу университетда фаолият олиб борувчи профилактика инспектори лейтенант Д.Сапаев ва вилоят Наркология диспансери шифокор-наркологи томонидан талабалар эътиборига “Биз гиёҳвандликка қаршимиз”, “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак”, “Биз зўравонликка қаршимиз” каби мавзуларда ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шунингдек капитан С.Худайберганова иштирокчиларга Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 январдаги 21-сон қарори билан тасдиқланган “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳларининг фаолияти, уларни шакллантириш ҳамда гуруҳнинг фаол аъзолари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтди.

Тарғибот учрашувида иштирок этган талабалар айни кунда давом этаётган “Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш” тезкор-профилактик тадбирини қўллаб-қувватлашларини, ўз тенгдошларини ушбу иллатдан қайтаришда фаол бўлишларини билдирдилар.

Тарғибот учрашуви давомида, гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари акс этган ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид видеофильмлар намойиш этилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech