5 Декабр 2022 йил 520

Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш муросасиз давом этади

Сир эмаски, янги йил байрами арафасида пиротехника буюмларининг савдоси ортиб кетади. Шу билан биргаликда ишлаб чиқарувчиси номаълум ва сифат сертификатига эга бўлмаган, турли айланма йўллар билан мамлакатимизга қонунга хилоф равишда олиб кирилган пиротехника буюмларидан фойдаланиш вақтида кўплаб юртдошларимиз турли даражада жароҳатланаётгани ҳам барчага маълум.

Шу боис, айни кунларда Хоразм вилояти ИИБ ходимлари томонидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Жорий йилда “паққилдоқлар мавсуми” бошланганидан буён вилоятимизда ички ишлар органлари ходимлари томонидан 57 та шундай турдаги ҳуқуқбузарлик аниқланиб, ҳуқуқбузар шахслардан ашёвий далил тариқасида олинган пиротехника буюмлари белгиланган тартибда, хавфсиз усулда йўқ қилинди.

4 декабрь куни профилактика инспектори ва ЙҲХБ йўл-патрул хизмати инспектори томонидан ўтказилган рейд давомида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан шуғулланаётган шахсларнинг қилмишига чек қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-1-моддасида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солиш жазоси назарда тутилган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech