7 Январ 2022 йил 604

Пробация бўлими ташаббуси билан навбатдаги меҳнат ярмаркаси ташкил этилди

Ички ишлар органларининг пробация хизматлари зиммасига судлар томонидан тайинланган, озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган, жазоларнинг ижро этилишини таъминлаш юклатилган.

Бугунги кунда Хоразм вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бўлими судлар томонидан тайинланган озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини таъминлаш билан чекланиб қолмасдан, бўлим томонидан назоратга олинган шахслар билан якка, умумий ва махсус профилактик тадбирларни ҳам олиб бормоқдалар.

Шахсни соғлом турмуш тарзига тўлиқ қайтаришда энг аввало уни кундалик ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш асосий ўрин тутади.

Ана шундан келиб чиққан ҳолда, Хоразм вилояти ИИБ Пробация бўлими томонидан доимий тарзда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаларининг ташкил этилиши ва ушбу меҳнат ярмаркаларига бўлим томонидан назоратга олинган шахсларнинг таклиф этилиши йўлга қўйилган.

7 январь куни Хоразм вилояти ИИБ Пробация бўлими ташаббуси билан Урганч шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилган навбатдаги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасидан кўзланган асосий мақсад ҳам айнан пробация бўлими ҳисобида бўлган шахсларни доимий иш ўрни билан таъминлашга қаратилди.

Меҳнат ярмаркасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация хизмати бошлиғи полковник О.Ўринбаев ва Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари иштирок этиб, таклиф этилаётган бўш иш ўринлари ҳамда иш берувчилар томонидан қўйилган шартлар ва яратилган шароитларни атрофлича ўргандилар.

Мазкур меҳнат ярмаркасида пробация бўлими ҳисобида бўлган 100 нафардан ортиқ шахслар иштирок этиб, уларнинг 35 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди.

Якунда “Ишга марҳамат” мономаркази раҳбари ИИВ ва вилоят ИИБ масъул ходимларини мономарказ фаолияти ва у ерда таҳсил олувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech