1 Ноябр 2022 йил 558

Профилактика хизмати: “Аҳиллик”даги ҳамкорлик  

Юртимиздаги ҳар бир маҳаллада аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида самарали давом этмоқда.

Хонқа туманидаги “Аҳиллик” маҳалласи ҳудуддаги мавжуд 357 та хонадонда 2440 нафардан зиёд аҳоли истиқомад қилади. Маҳаллада кичик корхоналар, савдо шаҳобчалари, маданий-маиший масканлар фаолияти йилдан йилга кенгайиб бораяпти. Натижада аҳолини иш билан таъминлаш масалалари ижобий ҳал этилмоқда. Иқтисодий жиҳатдан ўсиш кузатилаётган ушбу ҳудудда аҳоли тинчлигини таъминлашдек муҳим вазифалар ҳам маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бунда профилактика инспектори, капитан Дилшодбек Илхомов, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулистон Оллаберганова, фаоллардан Меҳрибон Каримова, Санамжон Рўзметова, Бахтиёр Нурметов, Бозорбой Муратов, Санобар Ҳайитоваларнинг ҳиссаси самарали бўляпти. Улар маҳалланинг тинч ва обод масканга айланишида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишмоқда.   

Маҳаллада йил бошидан ишсиз фуқароларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда маҳалла ҳудудига яқин жойдаги корхона ва ташкилотлар, хусусий тадбиркорлик субьектлари, фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишиб чиқилди. Ишчи кучига эҳтиёжи бор бўлган корхона ва ташкилотлар рўйхати шакллантирилиб, фуқароларнинг мутахассислиги ҳамда касбий маҳоратини инобатга олган ҳолда ишга жойлаштириш чоралари кўрилди. Ҳамкорликдаги бундай саъй-ҳаракатлардан иш берувчи ҳам, ишга кирувчи фуқаролар ҳам бирдек хурсанд бўлишди.

-Маҳалламизда туман маданият бўлимига қарашли “Намуна” маданият маркази филиали ташкил этилган,-дейди марказ раҳбари Қувондиқ Абдуллаев.-Мазкур марказда ашула, доира ҳамда тикувчилик йўналишлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу тўгаракларда “Аҳиллик”, “Намуна” ҳамда “Амударё” маҳаллаларида истиқомад қилаётган 60 нафардан зиёд мактаб ўқувчилари иштирок этишяпти. Шунингдек, маҳаллада кўзи ожиз фуқаролар учун кутубхона ҳам ташкил этилган бўлиб, ушбу зиё маскани ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган адабиётлар билан таъминланган.

“Обод маҳалла” давлат дастури доирасида маҳалладаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ижобий ҳал этишга тегишли ташкилотлар вакиллари жалб қилинди. Ўрганишлар натижасида йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакчаларини барпо этиш, аҳолини ичимлик суви ҳамда табиий газ билан таъминлаш, эски симёғочларни янгисига алмаштириш, кўчаларга ёритгичлар ўрнатиш каби муаммолар аниқланди ва бу борадаги ишлар дастур доирасида амалга оширилмоқда.

Маҳалла ҳудудида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Хонадонбай”, “Фуқаробай” ишлаш тизимида аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш жараёнида эҳтиёжманд, низоли оилаларни, ишсиз фуқароларни, спиртли ичимликка ружу қўйган, жиноят содир қилишга мойил бўлган ва бошқа тоифадаги шахсларни аниқлаб, улар билан профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда. Шунингдек, уларни иш билан таъминлаш, имтиёзли банк кредитлари ажратиш орқали тадбиркорликка жалб қилиш чоралари кўриляпти. Ҳамкорликдаги бундай саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг турмуш тарзида пайдо бўлаётган муаммолар ижобий ҳал қилиниб, ижтимоий фойдали меҳнат жараёнларидаги иштироки таъминланмоқда.

-Ўтказилаётган профилактик тадбирларда асосий эътибор ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган,-дейди профилактика инспектори, капитан Дилшодбек Илхомов.-Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида майда безорилик, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, паспорт тизими қоидаларини бузиш, санитария-гигиена каби ҳуқуқбузарликлар содир этган 141 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Фуқаролар томонидан билдирилган 128 та ариза ва шикоятлар ўз муддатида ижобий ҳал этилди. Муқаддам судланган шахсларнинг 4 нафарига маъмурий назорат ўрнатилди. Жиноят содир қилишга мойил бўлган 5 нафар шахс профилактик ҳисобга олиниб, улар билан мунтазам равишда суҳбатлар олиб борилмоқда. Шунингдек, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликдаги профилактик тадбирлар натижасида 2 та нотинч оилада ижобий муҳит яратилди. Спиртли ичимлик истеъмол қилишга мойил бўлган 3 нафар фуқаронинг ҳаёт тарзида ҳам барқарорлик таъминланди. Муқаддам судланган шахсларнинг барчаси ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш имкониятига эга бўлди. Кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида маҳалла ҳудудида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

“Аҳиллик”даги бундай ҳамкорлик маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ривожланишида, аҳолининг фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

                                                                           Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                 “Postda” мухбири.

Text to speech