Қасамёдига содиқ эди
Ҳарбий хизматдан қайтган Жуманазар Ражаповни Урганч шаҳар ИИБ ППХ ротасига хизматга қабул қилишди. Орзуси ушалган йигит юртимиз тинчлигини таъминлашдек шарафли вазифада ғайрат-шижоат билан хизмат қила бошлади. Шаҳарда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларда фаол қатнашди. Содир этилган жиноятларни фош этишда, қидирувдаги жиноятчиларни қўлга олишда ҳамкасбларига намуна бўлди.
...1991 йилнинг 20 август куни. Сержант Жуманазар Ражапов Урганч деҳқон бозори ҳудудида ҳар доимгидай жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат вазифасини ўтаётганди. Деҳқон бозори одамлар билан гавжум. Турли мева ва сабзавотларни пештахталарга дид билан жойлаб қўяётган сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Харидорлар ҳам бозорларимизнинг тўкинлигидан мамнун. Узоқдан назар ташлаганда, бозор ҳудуди осойиштадек туюлади. Аммо синчковлик билан кўз ташлаган киши тинч-осуда ҳаётимизга рахна солувчи айрим нопок кимсалар ҳам борлигига амин бўлади. Буни кундалик ташвишлари билан овора бўлиб юрган фуқаролардан кўра ички ишлар органлари ходимлари тез пайқашади. Бугун ҳам шундай бўлди. Ҳамкасблари билан бозор ҳудудини айланиб юрган сержант Жуманазар Ражапов сотувчилардан пул ундириб юрган йигитга кўзи тушди. Бу нопок кимса ҳақида аввал ҳам эшитганди-ю, аммо уни ҳеч учратмаганди. Жуманазар шу захотиёқ уни ҳудуддаги милиция таянч пунктига олиб келди.
Профилактика инспектори ҳамда ППХ ва ЖТСБ милиционерлари катта сержант Отабек Раҳимов ва сержант Арслон Собиров у билан бафуржа суҳбатлашишди. Шундан сўнг бу кимсанинг шахси маълум бўлди. У муқаддам судланган урганчлик И.Рустам эди. Текинхўрлик билан кун кўришга ўрганган бу кимса бошқа вилоятлардан бозорга маҳсулот олиб келган сотувчиларни қўрқитиб, пул ундириш билан шуғулланарди. Бироқ қилмиш бўйича аниқ исбот-далил бўлмаганлиги сабабли, унга бу хатти-ҳаракати жиноят эканлигини тушунтириб, танбеҳ бериш билан кифояланишди. Осойишталик посбонининг сўзларини диққат билан тинглаган Рустам сиполик билан айбини тан олди ва бошқа бундай қилмасликка сўз бериб, чиқиб кетди.
Орадан кўп вақт ўтмай милиция таянч пунктига “Болалар дунёси” дўкони олдида бир неча киши жанжаллашаётгани ҳақида хабар қилишди. Катта сержант Отабек Раҳимов ва сержант Арслон Собиров воқеа жойига шошилди. Жуманазар эса бозор ҳудудини назорат қилишни давом эттирди. Шу пайт кимдир орқасидан келиб, унга пичоқ санчди. Жуманазар кутилмаган бу зарбдан азойи бадани зирқираб кетса-да. жиноятчига ўгирилди. Қаршисида хозиргина қилмишидан пушаймон бўлиб, кечирим сўраган. Рустам безрайганча турарди. Жуманазар бор кучини йиғиб, унга ташланмоқчи бўлди-ю, ҳолсизланганича ерга йиқилди. Аламзада қотил тезда кўздан ғойиб бўлди. Оғир тан жароҳати олган сержант Жуманазар Ражапов шу ернинг ўзида дунёдан кўз юмди.
Зудлик билан жиноятчини қўлга олиш бўйича қидирув эълон қилинди. Олиб борилган тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида И.Рустам қўлга олинди ва қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди. Аммо ҳаётини юрт тинчлиги, халқ осойишталигини таъминлашга бахш этган фидойи ходим бевақт ҳаётдан кўз юмди.
...Мудҳиш воқеадан хабар топган Жуманазар Ражаповнинг турмуш ўртоғи Гавҳаржон ҳушидан кетди. Не-не орзу-умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган турмуш ўртоғининг фожиали ўлимидан узоқ вақтгача ўзига келолмади. Бироқ ҳаёт кўзига қоронғу кўринса-да, фарзандлари учун яшашга мажбур эди. Тунни кунга улаб, уларни меҳр билан тарбиялади. Илм олишга бўлган меҳрини оширди. Отасидек мард ва жасур инсонлар бўлиб, юртга садоқат билан хизмат қилишга ундади.
Фарзанд камолини кўришданда бахтли онлар бормикин дунёда, — дейди Гавҳаржон опа невараси Жаҳонгирни бағрига босиб. — Мана, катта қизим Бикажон неварали бўлди. Ўғлим Руслан ҳарбий қисмда хизмат қилади. Темур олийгоҳни тугаллаб, севган касби бўйича ишлаяпти. Жасур эса олий ўқув юртига ўқишга киришга тайёргарлик кўрмоқда. Хуллас, уларнинг ҳар бири жамиятда ўз ўрнини топиб, онгли, теран фикрли ёшлар бўлиб вояга етишди. Бундан ниҳоятда бахтиёрман. Аммо турмуш ўртоғим уларнинг камолини кўролмади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 9 ноябрдаги фармонига мувофиқ, марҳум сержант Жуманазар Ражапов “Жасорат” медали билан тақдирланди. Хоразм вилояти ҳокимининг қарори билан Янгибозор туманининг Уйғур қишлоғидаги кўчалардан бирига унинг номи берилди.
"Qalqon" журнали