Қонунга хилоф хатти-ҳаракатини қонунга хилоф равишда бартараф этмоқчи бўлди
Дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири бу гиёҳвандлик воситаларидир десак муболаға бўлмайди.
Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.
Хусусан, 2022 йил 1 май куни “Қорадори-2022” тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи бошланган бўлиб, Хоразм вилояти ИИБ томонидан мазкур профилактик тадбир доирасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 7 май куни Хоразм вилояти ИИБ ходимлари томонидан Урганч шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган, М.М. нинг уйи кўздан кечирилганида, у уйининг томорқасига таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган 25 туп “каннабис” ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги маълум бўлди.
Шундан кейин унинг уйи ва ёрдамчи хўжаликларида ўтказилган тинтув жараёнида, уйининг ошхонасида шиша банка ичида, келгусида ўтказиш мақсадида бир килограммдан ортиқ “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланди.
Холат холислар иштирокида расмийлаштирилиб, гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил тариқасида олингач, хонадон соҳиби ўзининг қонунга хилоф бўлган ушбу хатти-ҳаракатининг ҳуқуқий оқибатини англаб етиши боис, жавобгарликдан қутилиб қолиш чораларини излашга тушди ва бу борада яна бир бор қонунга хилоф бўлган йўлдан боришга қарор қилди.
У ҳаммасини “бости-бости” қилиш учун вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимига 2 000 АҚШ долларини таклиф қилади. Ходим гумондорга бу хатти-ҳаракатлари ҳам қонунга хилоф эканлигини бир неча бор тушунтиришига қарамасдан, у ўз фикридан қайтмади.
Шундан кейин тезкор ходимнинг берган билдиргисига асосан ўтказилган тадбирда гумондор М.М. 1 500 АҚШ долларини тезкор ходимга пора тариқасида бераётган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шу тариқа ўзининг қонунга хилоф қилмиши учун жавобгарликдан қонунга хилоф равишда қутилиб қолишга уринган М.М. эндиликда гиёҳвандлик воситаларини экиб, етиштириш ва уни ўтказиш мақсадида сақлаш билан биргаликда пора бериш жинояти учун ҳам жавобгарликка тортиладиган бўлди.
Албатта, шу ўринда тезкор ходимнинг ўз касбига садоқати ва қасамёдига содиқлигини эътироф этиш асло муболаға бўлмаса керак.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати