“Қорадори-2021”: Гиёҳвандлик билан боғлиқ бир неча жиноят фош этилди
Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга йўналтирилган “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи давомида Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноятлар фош этилишига эришилди.
Жумладан, Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан 2021 йил 9 сентябрь куни ўтказилган тадбир жараёнида 3 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини 1 500 000 сўмга қонунга хилоф равишда ўтказишга уринган, Урганч туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган, Р.Қ. жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шунингдек, жорий йилнинг 11 сентябрь куни Хива шаҳар ИИБ ходимлари Хива шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган, Б.Ш. нинг уйида гиёҳвандлик воситасини сақлашда гумонланиб, холислар иштирокида тинтув ўтказиш учун боришганида, хонадон эгаси 4 та гурурт қутисига жойлаштирилган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини ўз ихтиёри билан топширди. Шундай кейин, хонадонда тинтув ўтказган ходимлар яна гиёҳвандлик воситалари ва уни истеъмол қилиш учун мўлжалланган воситалар борлигини аниқлашди.
Ўз уйида “каннабис” гиёҳвандлик воситасини гул тувагига экиб, парваришлаб келаётган, Хива шаҳрида яшовчи, 1968 йилда туғилган М.Б. нинг қонунга хилоф хатти-ҳаракати эса Хива тумани ИИБ тезкор ходимлари ва профилактика инспекторининг ҳушёрлиги сабабли фош этилди.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Қорадори-2021” кенг қамровли профилактик тадбирининг иккинчи босқичи сентябрь ойининг охирида якунига етсада, гиёҳвандликка қарши кураш узлуксиз давом этади.
Шу боис кундалик ҳаётингизга гиёҳвандлик воситалари кириб келишига йўл қўйманг.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати