“Қорадори-2021”: Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар фош этилди
Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга йўналтирилган “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи давомида Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноятлар фош этилишига эришилди.
Жумладан, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан 2021 йил 12 август куни, Гурлан туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган, З.А.нинг томорқаси кўздан кечирилганида, у 10 туп “каннабис” ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги маълум бўлди. Шунингдек З.А. молхонасида сақлаб келаётган, пакетга солинган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини ҳам тезкор ходимларга топширди.
2021 йил 12 август куни Боғот тумани ИИБ ходимлари туманнинг Янги қадам маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган, Ф.Х. исмли аёлнинг томорқа ерини кўздан кечирганларида, у 3 туп “каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганига гувох бўлишди. Тақиқланган экинлар ашёвий далил сифатида белгиланган тартибда йиғиштириб олинди.
Хоразм вилояти ИИБ ва ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари билан 2021 йил 10 август куни ҳамкорликда
амалга оширилган тезкор суриштирув ишлари натижасида эса, Урганч шаҳрида яшовчи, 1977 йилда туғилган Ғ.С. томорқа еридаги иссиқхонасида 1 туп “каннабис” ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги фош этилди. Бундан ташқари Ғ.С. нинг уйи ва ёрдамчи хўжалик хоналари кўздан кечирилганида эса бир қопга солинган “марихуна” гиёҳвандлик воситаси ва уни истеъмол қилишга мўлжалланган елим идиш (баклажка) топилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Қўшкўпир тумани, Тараққиёт маалласида яшовчи, 1953 йилда туғилган, Р.С.нинг яшаш уйини 10 август куни кўздан кечирган туман ИИБ ходимлари, хонадон эгаси 3 та гултувакда жами 5 туп “каннабис” ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлигини аниқлашди.
2021 йилнинг 23 август куни вилоят ИИБ ЖҚБ, Вилоят Божхона бошқармаси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Урганч шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган, А.Т. бошқарувида бўлган “Cobalt” русумли автомашина Урганч туманидаги “Чолиш” тўсиқ-постида тўхтатилиб, ҳайдовчининг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида, шимининг чўнтагида, қоғозга ўралган, умумий вазни 2,7 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги аниқланди.
2021 йил 18 август куни Янгибозор тумани ИИБ ходимлари туманнинг Ифтихор маҳалласида яшовчи,1967 йилда туғилган, А.М.нинг уйи ва ёрдамчи хўжалик хоналарини кўздан кечиришганида, А.М. молхонасида 2 туп “каннабис” ўсимлигини қуритилган ҳолда сақлаб келаётганлигини аниқладилар.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гиёҳвандлик - умр заволи ва тараққиёт кушандасидир, шу боис кундалик ҳаётингизга гиёҳвандлик воситалари кириб келишига йўл қўйманг.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати