22 Сентябр 2021 йил 636

“Қорадори-2021”: Хоразм вилоятида фош этилган жиноятлар

Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга йўналтирилган “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи давомида Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноятлар фош этилишига эришилди. 

Жумладан,  Шовот тумани ИИБ ходимлари 2021 йил 18 сентябрь куни туманнинг “Қиёт” маҳалласи ҳудудидан ўтган автомобил йўлининг чеккасида тўхтаб турган “Нексия” русумли автомашина ва унинг ҳайдовчиси, 1988 йилда туғилган Ж.Ў.ни гиёҳвандлик воситаларини сақлашда гумон қилиб, кўздан кечирганларида, автомашина салонида қоғозга ўралган “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси ва уни истеъмол қилиш учун мўлжалланган елим идиш борлигини аниқладилар.

Шундан кейин давом эттирилган тадбирда эса, Шовот туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Х.Х. битта гугурт қутисига жойланган “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини автомашина ҳайдовчиси Ж.Ў.га 100 000 сўмга сотаётган пайтида жиноят устида қўлга олинди.

Шунингдек, жорий йилнинг 18 сентябрь куни Хива тумани “Варангзон” маҳалласида яшовчи, 1978 йилда туғилган Х.М.нинг томорқасини кўздан кечирган туман ИИБ ходимлари, хонадон эгаси таркибида гиёҳвандлик воситаларини сақловчи, 3 туп “Каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, етиштириб келаётганлигини аниқладилар.

Шундан кейин ушбу уй ва унинг ёрдамчи хоналари кўздан кечирилганида, омборхонада 6 та полиэтилен қоп ва 6 та шиша банкада “марихуна” гиёҳвандлик воситаси келгусида ўтказиш мақсадида сақлаб қўйилганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг 19 сентябрь куни Хонқа тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда эса, Урганч туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган, Р.Х. 3 литрлик шиша банкага солинган “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини 2 800 АҚШ долларига сотаётган пайтида жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Қорадори-2021” кенг қамровли профилактик тадбирининг иккинчи босқичи сентябрь ойининг охирида якунига етсада, гиёҳвандликка қарши кураш узлуксиз давом этади.

Шу боис кундалик ҳаётингизга гиёҳвандлик воситалари кириб келишига йўл қўйманг.

  Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech