22 Сентябр 2022 йил 751

“Қорадори-2022”: Аср вабоси - гиёҳвандликка қарши кураш давом этади

Жорий йилнинг 1 август кунидан “Қорадори-2022” тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи бошланган бўлиб, мазкур тадбир доирасида Хоразм вилояти ИИБ томонидан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларни фош этишга қаратилган чора-тадбирлар  кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.

Хусусан, олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасидаги қуйидаги жиноятлар фош этилди.

Жумладан,  жорий йилнинг 30 август куни Хоразм вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Урганч туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, М.М. Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида танишига полиэтилен бўлагига ўралган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 600 000 сўмга сотган пайтида жиноят устида қўлга олинди. Шундан кейин гумондорга тегишли автомашина салони кўздан кечирилганида эса яна 2 бўлак қилиб алоҳида қадоқланган шу турдаги гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган, Қ.Х. гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиши тўғрисида олинган маълумотга асосан 5 сентябрь куни Шовот тумани ИИБ ходимлари у бошқариб келаётган “Нексия” русумли автомашина Шовот-Урганч автомобиль йўлида тўхтатиш тўғрисида ишора беришганида, у  инспекторнинг ишорасига риоя қилмасдан, аксинча тезликни янада ошириб ҳаракатни давом эттиради ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига ўтиб кетишга уриниб Урганч туманидаги Амударё кўприги олдига келганида, блок-постда хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан тўсиб ушланди. Шундан кейин унинг ёни ва автомашинасининг салони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салонидаги кулдан ичидан уч бўлак алоҳида қадоқланган гиёҳвандлик воситаси топилиб, тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 7 сентябрь куни Гурлан тумани ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбир натижасида, Гурлан туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, М.В. тўртта гурурт қутисига жойлаштирилган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 600 000 сўмга сотган пайтида ушланди. Олиб борилган суриштирув жараёнида гумондор ушбу гиёҳвандлик воситасини маҳалладоши, Б.А. дан олганлиги маълум бўлди, шундан кейин Б.А. га тегишли уй ва ёрдамчи хўжалик бинолари холислар иштирокида кўздан кечирилганида, уйининг яшаш хонасида бешта гугурт қутисига жойлаштирилган ва бир литрлик шиша банкага солинган “марихауна” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги, бундан ташқари томорқасида таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган бир туп “каннабис” ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги фош этилди.

Мазкур холатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Қорадори-2022” кенг қамроқли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи жорий йилнинг 30 сентябрь куни якунланади, аммо аср вабоси бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш бир зум ҳам тўхтамайди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech