“Қорадори-2022”: Гиёҳвандлик воситалари савдоси фош этилди
Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан “Қорадори-2022” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ бир қатор жиноятлар фош этилишига эришилди.
Хусусан, вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан жорий йилнинг 17 август куни Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Урганч шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган Р.Ж. вазни 0,2 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 800 000 сўмга сотаётган пайтида қўлга олинди. Шундан кейин ушбу шахснинг ёнида келган шериги, Урганч шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган М.Ж. нинг ёни кўздан кечирилганида, чўнтагида иккита қадоқдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб юрганлиги маълум бўлди.
Шунингдек жорий йилнинг 19 август куни вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир натижасида гиёҳфурушлик билан шуғулланиб келган яна бир жиноий гуруҳ қўлга олинди. Дастлаб, Урганч шаҳрида яшовчи, 2001 йилда туғилган О.С. ва У.М. ўзаро жиноий тил бириктириб, бир бўлак, вазни 0,64 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 600 000 сўмга сотаётган пайтида тезкор ходимлар томонидан жиноят устида ушланди. Шундан кейин гумондорларга тегишли автомашина ва уларнинг яшаш хонадонлари холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салонидан келгусида ўтказиш мақсадида алоҳида қадоқланган 7 бўлак, уйидан эса 10,64 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси, электрон тарози ҳамда гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш учун мўлжалланган қўлбола мосламалар топилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатили, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондорлар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати