“Қорадори-2022”: Ҳазорасп туманида “бангихона” фош этилди
Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан “Қорадори-2022” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида олиб борилган чора-тадбирлар нактижасида, тақиқланган экинларни, яъни, таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиб, етиштириб, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятларга чек қўйиш билан бир қаторда гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ёки тарқатиш мақсадида ташкил этилган бангихоналарни фош этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ҳазорасп тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари жорий йилнинг 14 август куни холислар иштирокида Ҳазорасп туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган, Б.А.нинг уйига кириб борганларида ана шундай бангихоналардан бирига дуч келишди.
Хонадон эгаси Б.А. ўзининг маҳалладоши, 1975 йилда туғилган, Х.Р. билан “опий” гиёҳвандлик воситасини қўлбола мосламалардан фойдаланган ҳолда, биргаликда истеъмол қилаётганликлари маълум бўлди.
Суриштирув жараёнида гиёҳвандлик воситасини “меҳмон” ўзи билан бирга олиб келганлиги ва бунинг эвазига эса “мезбон” зарур шарт-шароит яратиб берганлиги аён бўлди.
Гиёҳванд шериклар истеъмолидан қолган “опий” ва уни истеъмол қилишга мослаштирилган жиҳозлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Холат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати