Қотиллик жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
Ҳар қандай жиноятни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилишдан кўзланган асосий мақсад келгусида шу каби жиноятларни қайта содир этилишини олдини олишда кенг жамоатчиликнинг иштироки ва масъулиятини оширишдир.
Жорий йилнинг 19 август куни Урганч шаҳрида содир этилган мудхиш қотиллик жинояти Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Т.Қазаков томонидан Урганч шаҳрида жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
Иштирокчиларга дастлаб жиноят тафсилотлари юзасидан ахборот берилиб, жумладан Урганч тумани “Бободеҳқон” маҳалласида рўйхатда турувчи, 1973 йилда туғилган эркак турмуш ўртоғи яшаб келаётган Урганч шаҳридаги Темирйўлчи маҳалласида жойлашган хонадонда оиласида келиб чиққан низо оқибатида ўзининг 2004 йилда туғилган ўғлини ошхона пичоғи билан кўкрак қафасига бир маротаба уриб, қасддан ўлдирганлиги, бугунги кунда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги ва гумондор эхтиёт чораси сифатида қамоққа олинганлиги айтиб ўтилди.
Шундан кейин жоният содир этилган ҳудуд яъни Урганч шаҳри “Темирйўлчи” маҳалласи ва Урганч туманидаги “Бободеҳқон” маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва унинг ўринбосарлари томонидан маҳаллада олиб борилган тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактик чора-тадбирлар, шунингдек маҳаллабай, хонадонбай усулида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек гумондорнинг яқин қариндоши, қўни-қўшниларининг мазкур қотиллик жинояти юзасидан фикр-мулоҳазалари ва келгусида бу каби мудхиш жиноятларнинг олдини олиш борасидаги таклифлари тингланди.
Муҳокама якунига кўра ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган масъул шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати