14 Май 2022 йил 586

Расмий муносабат: Гурлан туманида ЙПХ инспекторлари ва ҳайдовчи ўртасида бўлиб ўтган низоли вазият юзасидан

2022 йил 13 май куни ижтимоий тармоқларда Гурлан туманида ҳайдовчи ва ЙПХ инспектори ўртасидаги низоли вазият акс этган видеолавҳа тарқалган бўлиб, ушбу видеолавҳада ЙПХ инспектори ўзининг талабини бажармаган ҳайдовчини кўтариб ички ишлар органига тегишли бўлган “Дамас” автомашинасига ўтказганлиги кўринади.

Мазкур видеолавҳа ижтимоий тармоқларда “ЙПХ инспекторлари томонидан ҳайдовчига нисбатан ноқонуний куч ишлатилди” деган мазмунда тарқатилганлиги сабабли, Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагиларга аниқлик киритилди.

2022 йил 11 май куни соат 19:00 ларда Гурлан тумани Мустақиллик кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторлари рўпарасига йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига “Матиз” русумли 90 Z 572 EA давлат рақам белгили автомашина келиб тўхтайди. Ушбу автомашина ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилмаган бўлсада, автомашина ҳайдовчиси хавфсизлик камарини тақмасдан бошқариб келганлигини визуал тартибда кўрган ЙПХ инспектори ҳайдовчи ёнига бориб унга хавфсизлик камарини тақмасдан келаётганлигини билдириб, автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишни сўраган.

“Матиз” ҳайдовчиси, Гурлан туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган, Р.С. ўзининг биринчи гуруҳ ногирони эканлигини рўкач қилиб, маъмурий жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида, дастлаб ўзи автомашинани бошқармаганлигини билдирган бўлса, кейинчалик ЙПХ инспекторининг туман ички ишлар бўлимига биргаликда бориш тўғрисидаги талабини бажаришдан қасддан бўйин товлаб қаршилик кўрсатган. Автомашина йўловчиси бўлган, шу туманда яшовчи, 1998 йилда туғилган М.Қ. ҳам вазиятга аралашиб, ҳайдовчини ички ишлар органлари ходимларига бўйсунмасликка ундаган.

Шундан кейин ЙПХ инспекторлари шахсига аниқлик киритиш ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиришни таъминлаш мақсадида, ҳайдовчини “Матиз” автомашинасидан кўтариб тушириб, “Дамас” автомашинасида туман ички ишлар бўлимига олиб боришган.

Бўлимда ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритилганида, у мазкур “Матиз” автомашинасини 2021 йил 17 декабрь куни ҳамда жорий йилнинг 26 январь ва 29 март кунлари тегишли ҳужжатларсиз бошқарганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, фуқаро Р.С.га шу кунга қадар умуман ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаганлиги аниқланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки мазкур холатда ЙПХ инспекторлари томонидан ҳайдовчига нисбатан қонунга зид хатти-ҳаракат содир қилинмаган, улар фақатгина йўл ҳаракати қоидаларини менсимайдиган навбатдаги ҳайдовчининг ҳуқуқбузарлигига чек қўйишган десак хато бўлмайди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech