19 Июн 2020 йил 669

Расмий муносабат: Хоразмлик уч нафар вояга етмаган болаларнинг “Отамни ноҳақ қамашмоқчи, ёрдам беринг” деган мазмунда ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаати юзасидан

2020 йил 18 июнь куни ижтимоий тармоқларда хоразмлик уч нафар вояга етмаган болаларнинг “Отамни ноҳақ қамашмоқчи, ёрдам беринг” деган мазмундаги мурожаати Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагилар маълум бўлди.

Ушбу уч нафар вояга етмаган болаларнинг отаси Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, М.О. дир.

М.О. 2019 йил 2 октябрь куни ўз уйида маст холатда турмуш ўртоғи билан жанжаллашган ва ушбу жанжалга турмуш ўртоғининг акаси А.С. ҳам аралашган. Жанжал пайтида ҳар иккала томондан турли даражада тан жароҳати олганлар бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ҳазорасп тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган бўлиб, айбланувчиларнинг ҳеч бирига нисбатан “қамоққа олиш”  тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилмаган.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани судида кўрилиб, М.О. Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида,  А.С. эса 104-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, уларга нисбатан озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Айни кунда мазкур жиноят иши томонларнинг апелляция тартибида келтирган шикоятларига асосан жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг апелляция судлов ҳайъатида кўриб чиқилмоқда.

Ички ишлар органлари томонидан судланувчи М.О. га нисбатан қамоққа олиш билан таҳдид қилинмаган.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech