Расмий муносабат: “Дамас” йўловчисининг ҳаракат вақтида салондан оёғини чиқариб бораётгани акс этган видеолавҳа юзасидан
2020 йил 28 август куни турли ижтимоий тармоқларда 90 J 305 NA давлат рақам белгили “Дамас” русумли автомашина ҳаракатланаётган пайтида ушбу автомашина йўловчиси салоннинг ён томон ойнасидан оёқларини чиқариб бораётгани экс этган видеолавҳа тарқалди. Мазкур жараённи видеотасвирга олган шахс ҳолат Хоразм вилоятининг Янгибозор тумани ҳудудида бўлганлиги баён қилиб, белгиланган тартибда чора кўрилишини сўраган.
Видеолавҳани ўрганиб чиққан, Хоразм вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари, “Дамас” автомашинаси ҳайдовчиси ва йўловчисининг шахсига ҳамда ҳуқуқбузарликнинг содир этилиш вақти ва ҳолатига аниқлик киритдилар.
Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 24-бандида йўловчиларга транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтида салондан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланиши, шунингдек 11-бандида ҳайдовчи йўловчиларни ҳаракатланиш вақтида автомобиль салонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланганлиги тўғрисида огоҳлантиришга мажбурлиги белгилаб қўйилган бўлсада, 90 J 305 NA давлат рақам белгили “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси, 1999 йилда туғилган Ш.Э. 2020 йил 27 август куни соат 17:00ларда 4Р 160 автомобиль йўлининг 14-километрида ҳаракатланиш пайтида ўзининг тенгдоши бўлган йўловчи Ш.Р.га ҳаракатланиш вақтида оёқларини автомашина салонидан чиқаришга шароит яратиб берган.
Ҳайдовчи Ш.Э. ва йўловчи Ш.Р. лар ушбу хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, иккаласига ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати