Расмий муносабат: “EFFECT.UZ” интернет сайтининг “YouTube” видеохостингидаги каналида “КЕЛИНИМ ВА НЕВАРАМНИ УРИБ ТАШЛАДИ. ТЕРГОВЧИ ВА ИИВ ХОДИМИ ЖИНОЯТНИ ЯШИРЯПТИ” номли сарлавҳа остида эълон қилинган видеомурожаат юзасидан
2022 йилнинг 6 ноябрь куни “EFFECT.UZ” интернет сайтининг “YouTube” видеохостингидаги каналида “КЕЛИНИМ ВА НЕВАРАМНИ УРИБ ТАШЛАДИ. ТЕРГОВЧИ ВА ИИВ ХОДИМИ ЖИНОЯТНИ ЯШИРЯПТИ” номли сарлавҳа остида эълон қилинган видеомурожаатнинг тегишли қисми Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз:
Интернет сайтнинг ижтимоий тармоқдаги канали орқали видеомурожаат йўллаган Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи, 1958 йилда туғилган фуқаро Рахимберган Аллабергановнинг “Келиним ва неварамни уриб ташлади. Терговчи ва ИИВ ходими жиноятни яширяпти” деб келтирган даъвоси 2007 йилнинг 21 март куни қайд этилган холатга тегишлидир. Мазкур холат юзасидан шу даврда Ҳазорасп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Р.Аллабергановга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми ҳамда 229-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган хужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судига юборилган.
Жиноят иши 2007 йил 17 август куни очиқ судда томонлар иштирокида кўриб чиқилиб, фуқаро Р.Аллаберганов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси 1-қисми, ЖК 109-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазо тайинланмасдан туриб жавобгарликдан озод қилинган.
Жиноят иши доирасида терговчи томонидан ажратилган маъмурий ҳолатлар қонунда белгиланган тартибда Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди томонидан кўриб чиқилган.
Бундан ташқари Р.Аллабергановнинг бинога эгалик қилиш масаласидаги мурожаати фуқаролик ишлари бўйича судда кўриб чиқилиб, якуний қарор қабул қилинган ва мажбурий ижро бюроси томонидан ижроси таъминланганлигини маълумот тариқасида келтириб ўтамиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати