15 Феврал 2022 йил 640

Расмий муносабат: “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Айбек Жуманиязов” номли профил эгасининг мурожаати юзасидан

“Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Айбек Жуманиязов” номли профил эгаси прокуратуранинг мазкур ижтимоий тармоқдаги саҳифасига “Янгибозор тумани паспорт столи ходимлари аризаларни тўлдириш учун фуқароларни қоғоз дўконига юборади, у ердаги дўкончи бир варақ ариза бланкасини 8000-9000 сўмга тўлдириб бермоқда” деган мазмунда хабар юбориб, ушбу жараённинг қонунийлигини ўрганиб чиқишни сўраган.

Юқоридаги мурожаат ўрганилганида қуйидагиларга аниқлик киритилди:

“Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Айбек Жуманиязов” номли профил эгаси Янгибозор туманида яшовчи Айбек Жуманиязов эканлиги ва у 2022 йилнинг 4 январь куни Янгибозор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига хорижга чиқиш биометрик паспорти олиш учун мурожаат қилган.

Ўрнатилган тартибга кўра биометрик паспорт олиш учун мурожаат қилган фуқаролар ариза бланкасини ўзлари тўлдириши лозим, аммо айрим фуқароларнинг бу борада ўзга шахслар ёрдамидан фойдаланиш холатлари ҳам кузатилади. Хусусан, Янгибозор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилган фуқаролар айрим ҳолларда ИИБ биносига туташ ҳудудда канцелярия моллари билан савдо қилувчи тадбиркор Р.Х. га мурожаат қилишган. Ушбу тадбиркор фуқаролар билан ўзаро келишувга асосан ариза бланкасини 5000 сўм пул эвазига тўлдириб берган. Тадбиркор билан туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари ўртасида бу борада бирон-бир тарзда келишув бўлмаган, шунингдек ИИБ ходимлари ушбу тадбиркордан манфаатдор бўлишмаган.

Бугунги кунда юқоридаги жисмоний шахснинг фуқароларга пул эвазига ариза тўлдириш билан боғлиқ фаолиятига чек қўйилди.

Шунингдек, алоҳида ариза тўлдириш бўйича пуллик хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи ДУК фаолияти йўлга қўйилгунга қадар,  Янгибозор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилган фуқароларга ариза бланкаларини тўлдиришда бўлим ходимлари томонидан ҳуқуқий тушунтириш берилиши белгиланиб, зарур шарт-шароитлар яратилган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech