13 Август 2022 йил 1085

Расмий муносабат: Гурлан туманида яшовчи фуқаро Ш.Юлдашевнинг  “ИИБ ходимлари қийноққа солишди” деган мазмунда ижтимоий тармоқ орқали йўллаган мурожаати юзасидан

Гурлан туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган, Шерзод Юлдашев жорий йилнинг 11 август куни ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллаб, унда Гурлан тумани ИИБ ходимлари уни асоссиз туман ИИБ биносида бир кеча сақлаб уриб қийнаганликлари, ўзи ҳеч қандай жиноятга алоқадор эмаслигини билдириб ўтган.

Ушбу мурожаат юзасидан дастлабки холатда қуйидагиларни маълум қиламиз:

Гурлан тумани ИИБ га 2022 йил 4 август куни туман марказидаги кафе олдида тўхтаб турган “Каптива” русумли автомашина салонида бўлган бир гуруҳ шахслар гиёҳвандлик воситаси истеъмол қилаётганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган. Ушбу маълумотни текшириб кўриш учун туман ИИБ тезкор ходимлари зудлик ҳодиса жойига етиб бориб, автомашина салони ва у ерда бўлган шахсларнинг ёнини кўздан кечиришганида, автомашина салонида гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш учун мосланган елим идиш ва гиёҳвандлик воситасига ўхшовчи ўткир ҳидли модда борлиги аниқланди.

Шундан кейин холатга аниқлик киритиш учун ушбу шахслар туман ички ишлар бўлимига олиб борилган. Ушбу шахслар орасида ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллаган фуқаро Шерзод Юлдашев ҳам бўлган. Шерзод Юлдашев илгари гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноят учун судланган бўлиб, туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида туриши боис ички ишлар бўлими ходимларини яқиндан танийди.

Автомашина салонида бўлган беш нафар шахслар, жумладан Шерзод Юлдашев ҳам дастлаб суд-тиббий ва суд-кимёвий экспертизасидан ўтказилган. Автомашинадан топилган ўткир ҳидли модда суд-кимёвий экспертизаси ҳулосасига кўра “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги кунда ички ишлар органларига келтирилган ҳар бир шахс белгиланган тартибда рўйхатга олинади. Шу билан биргаликда, ички ишлар бўлими маъмурий биноси, жумладан, сўроқ қилиш хоналари кузатув камералари билан жиҳозланган бўлиб, сўроқ қилинувчи шахсларга нисбатан қийноқ қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари ички ишлар бўлимида сўроқ қилинган шахсларнинг келгусида жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида турли асоссиз даъволар билан мурожаат қилишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар бўлимида ушлаб турилган шахсларни қўйиб юбориш пайтида тиббий гувоҳлантиришдан ўтказиш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, мазкур холатда ушбу беш нафар шахслар врач томонидан тиббий гувоҳлантирилганида уларда тан жароҳати йўқлиги қайд этилган.

Хозирги кунда фуқаро Ш.Юлдашевнинг ижтимоий тармоқ орқали йўллаган мурожаати ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech