15 Июл 2020 йил 677

Расмий муносабат:  Ижтимоий тармоқларда “Қўшнимнинг ити менга ва фарзандимга оғир жароҳат етказди” номи остида тарқалган хабар юзасидан

2020 йил 12 июль куни ижтимоий тармоқларда “Қўшнимнинг ити менга ва фарзандимга оғир жароҳат етказди” номи остида хабар тарқатилган бўлиб,  унда Ҳазорасп тумани Карвак қишлоғи Маънавият кўчаси 17-уйда истиқомат қилувчи Зумрад Жуманиёзова қўшниси А.С.га тегишли ит ўзи ва фарзандига оғир тан жароҳати етказганлигини, бу ҳақда участка нозири ва ИИБга мурожаат қилганлигини, аммо чора кўрилмаганлигини маълум қилган.

Мазкур хабар Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагилар маълум бўлди:

Фуқаро З.Жуманиёзова ва унинг ўғли 2020 йил 16 май куни қўшнисига тегишли ит тишлаганлигини айтиб Ҳазорасп тумани шифохонасига мурожаат қилганлар.

Шифокорнинг туман ички ишлар бўлимига шу юзасидан берган хабари асосида терговга қадар текширув олиб борилганида, фуқаро З.Жуманиёзова  ит тишлаганлиги ортидан қўшнисининг 2005 йилда туғилган қизини уриб тан жароҳати етказганлиги маълум бўлди.

Терговга қадар олиб борилган текширув якунига кўра фуқаро З.Жуманиёзова Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисмида, унинг қўшниси (итнинг эгаси) А.С. эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси ва 110-моддаси 2-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилиб, тўпланган ҳужжатлар 2020 йил 25 май куни мазмунан кўриб чиқишлик учун туман маъмурий судига юборилган. 2020 йил 26 май куни Ҳазорасп тумани маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўшимча текширув ўтказиш учун ҳудудий ички ишлар органига қайтарилган. Суд томонидан келтириб ўтилган камчиликлар қисқа муддат бартараф этилиб, тўпланган ҳужжатлар яна судга юборилган.

Хозирги кунда, карантин боис судлар томонидан ишларни кўриб чиқиш вақтинчалик тўхтатилганлиги сабабли, мазкур маъмурий ишни ҳам мазмунан кўриб чиқиш карантин чоралари юмшатилгунга қадар қолдирилган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech