6 Май 2022 йил 466

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “Сени ўлдираман деб ураверади” номли сарлавҳа остида эълон қилинган видеолавҳа юзасидан

2022 йил 6 май куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчи аёл баданидаги жароҳат изларини кўрсатиб, турмуш ўртоғи мунтазам равишда уриб тан жароҳати етказиб келаётганлигини аммо профилактика инспектори томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаётганлиги баён қилинган видеолавҳа тарқалган.

Мазкур видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагиларга аниқлик киритилди.

Видеолавҳа орқали мурожаат қилган аёл 1986 йилда туғилган бўлиб, Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган, лекин оилавий низолари тўғрисида шу кунга қадар ички ишлар органлари ёки маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳага асосан олиб борилган суриштирув жараёнида эр-хотин ўртасидаги жанжалли ҳолат жорий йилнинг 24 апрель куни содир бўлганлиги, аммо аёл эрининг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилмаганлиги маълум бўлди. Хозирги кунда холат тегишли тартибда Ҳазорасп тумани ИИБ томонидан рўйхатга олиниб, аёлга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Келгусида аёлга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш учун “Ҳимоя ордери” берилди.

Суд-тиббий экспертизаси хулосаси ва терговга қадар текширув натижаларидан келиб чиқиб, холатга ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech