Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳида ҳайрия пуллари ўғирланмоқда” деган мазмунда тарқалган хабарлар юзасидан
2020 йил 04 август куни ижтимоий тармоқларда “Хоразм вилояти Шовот туманидан ёзмоқдаман. Бешмерган маҳалласида жойлашган Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи эҳсон қутисига ташланган ҳайрия пуллари ўғирланган деган гумондаман. Ушбу ҳолатни тафтиш этишларини сўрайман.”-деган мазмундаги хабар тарқатилиб унга зиёратгоҳдаги эҳсон қутисини бир гуруҳ шахслар томонидан очилаётгани акс этган фотосуратлар илова қилинган.
Ушбу хабарни ижтимоий тармоқларга тарқатган шахс илгари шу мазмунда ички ишлар органларига ёзма равишда мурожаат қилган бўлиб, унинг аризасида келтирилган ҳолатлар юзасидан суриштирув ўтказилган.
Суриштирув якунига кўра, Хоразм вилояти Шовот туманида жойлашган Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳида закот, фитр ва бошқа ҳайрия маблағларини ҳисобини юритиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан солиқ органларига тақдимнома киритилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суриштирув жараёнида закот, фитр ва бошқа ҳайрия пулларини ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмади.
Ижтимоий тармоқда эълон қилинган суратларда эса, зиёратгоҳ ишчи-ходимлари томонидан эҳсон қутиси комиссион тартибда очилаётган вазият акс этган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати