Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “Тупроққалъа туманидаги ҳолат. 0275 рақамли нишон эгаси бўлган ЙПХ ходими ниқобсиз фаолият олиб бормоқда” номи остида тарқалган видеолавҳа юзасидан
2020 йил 27 июль куни ижтимоий тармоқларда “Тупроққалъа туманидаги ҳолат. 0275 рақамли нишон эгаси бўлган ЙПХ ходими ниқобсиз фаолият олиб бормоқда” номи остида давомийлиги 35 сония бўлган видеолавҳа тарқатилган бўлиб, ушбу видеолавҳада ички ишлар органлари ходимининг хизмат кийимида бўлган шахс ўзга шахслар бўлган жойда тиббий ниқобсиз турганлиги акс этган.
Мазкур лавҳа Хоразм вилоятидаги ҳолат сифатида қайд этилганлиги сабабли, вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди.
Ушбу видеолавҳадаги ички ишлар органлари ходими Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи инспектори кичик сержант А.А. бўлиб, у 2020 йил 26 июль куни туман ҳудудида хизмат олиб бораётганида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хайдовчи, шу туманда яшовчи, 1999 йилда туғилган, Х.Р.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш чоғида тиббий ниқоб тақмаган ва бу жараён қоидабузар ҳайдовчи томонидан видеотасвирга олиниб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган.
Бугунги кунда, ЙПХ инспекторига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати