3 Феврал 2022 йил 568

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “Хоразм вилоятининг Боғот туманида ЙПХ инспекторлари томонидан қувиб келинган транспорт воситаси дарахтга урилди” деган мазмунда тарқатилган хабар юзасидан.

2022 йил 2 февраль куни турли ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Боғот туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган “Нексия” русумли автомашина сурати эълон қилиниб, ушбу автотранспорт воситаси ЙПХ инспекторлари томонидан қувиб келинганлиги сабабли йўл-транспорт ҳодисасига учраганлиги қайд этиб ўтилган.

Мазкур хабар Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилганида қуйидагилар маълум бўлди:

2022 йил 2 февраль куни соат 16:00 лар атрофида Хоразм вилояти Боғот тумани ҳудудидан ўтган 4Р156 автомобиль йўлининг 28-километридан махсус хизмат автомобилида ўтиб бораётган ЙПХ инспекторлари йўлнинг қатнов қисмида бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига хавф туғдириб, икки қатор бўлиб тўхтаб турган транспорт воситаларининг қоидабузарлигига чек қўйиш мақсадида йўл чеккасига тўхтаб, ҳайдовчилар томонга бораётганларида “Нексия” русумли 90 В 435 ЕА давлат рақам белгили автомошинани ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг тўхташ тўғрисидаги қонуний талабини бажармасдан, тезликни кескин ошириб, транспорт воситасини ҳайдаб кетади. Ушбу ҳайдовчининг хатти-ҳаракатлари ЙПХ инспекторларида шубҳа уйғотганлиги сабабли, улар ўзларига бириктирилган хизмат автомобилида “Нексия” русумли автомашинани изма-из кузата бошлаганлар ва бир неча бор овоз кучайтиргич ёрдамида “Нексия” автомашинаси ҳайдовчисига тўхташ тўғрисида айтишган. (Мазкур жараёнлар ЙПХ инспекторининг бодикамерасида ёзиб олинган)

Аммо “Нексия” русумли автомашина ҳайдовчиси йўлларда ҳаракатни тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажариши шарт эканлигини билсада, ушбу қоидага қасддан риоя қилмасдан, транспорт воситасини Боғот туманининг “Нурафшон” маҳалласидаги ички йўлда йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари учун хавфли тарзда бошқаришда давом этган ва бошқарувни йўқотиб, йўл чеккасига газ қувурига техник шикаст етказиб, дарахтга урилган. Шундан кейин ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдан яшириниш ва жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида қочишга уринаётган пайтда, ҳодиса жойига етиб келган ЙПХ инспекторлари томонидан ушланган.

“Нексия” русумли 90 В 435 ЕА давлат рақам белгили автомошинани ҳайдовчиси, 1982 йилда туғилган, Боғот тумани яшовчи, Ж.Р. оғиз бўшлиғидан алкогол ҳиди келиши, бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги, нутқининг бузилганлиги сабабли шу жойнинг ўзида ЙПХ инспектори томонидан алкотестер ёрдамида текширилганида, унинг кучли даражадаги маст ҳолда эканлиги маълум бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, автомашина вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.

ЙПХ инспекторларининг ҳушёрлиги сабабли, содир этилиши мумкин оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисасининг, энг асосийси бегуноҳ инсонлар жабр чекишининг олди олинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech