5 Феврал 2021 йил 847

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “Хоразмлик ГАИ ходими маст эканлиги айтилаётган эвакуатор ҳайдовчисига "индашмади" ва бунга бошқа ҳайдовчилар норози бўлишмоқда” номи остида тарқалган видеолавҳа юзасидан

2021 йил 4 февраль куни ижтимоий тармоқларда “Хоразмлик ГАИ ходими маст эканлиги айтилаётган эвакуатор ҳайдовчисига "индашмади" ва бунга бошқа ҳайдовчилар норози бўлишмоқда” номи остида видеолавҳа тарқалди.

Мазкур видеолавҳада акс этган жараёнга батафсил аниқлик киритиш, жараён иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан хизматга оид суриштирув тайинланди.

Дастлабки ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:

2021 йил 4 февраль куни соат 22:00 ларда 4 Р 156 автомобиль йўлининг 11-13 километрига хизматга тақсимланган (тасдиқланган дислокация асосида) Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори томонидан Ҳазорасп-Урганч йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган “Lacetti” русумли 90 576 ХАА давлат рақам белгили автомашина тўхтатилиб, ҳайдовчидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини текшириб кўриш учун тақдим этиш сўралганида, ҳайдовчи, 1999 йилда Ҳазорасп туманида туғилган А.А. ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган.

Шундан кейин ЙПХ инспектори тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига асосан автомашинани вақтинчалик ушлаб туриш учун жарима майдончасига олиб бориш мақсадида махсус эвакуатор машинасини чақиртирган.

Эвакуаторга “Lacetti” русумли 90 576 ХАА давлат рақам белгили автомашина ортилгач, ушбу машина йўловчилари ҳайдовчининг жавобгарликдан қутилиб қолишига эришиш мақсадида, эвакуатор ҳайдовчисининг маст ҳолда эканлигини айтиб, эвакуаторни бошқаришига тўсқинлик қилишган. Эвакуатор ҳайдовчиси ўзига нисбатан эътироз билдирилаётганлиги сабабли бошқарувни ёнидаги шеригига топшириб, автомашинани жарима майдонига келтирилишини таъминлагач, жарима майдонининг ўзида соат 23:15  “Алкотестер” воситасида мастлик даражаси текшириб кўрилганида унинг нафасида 0,124 мг/л алкоголь борлиги қайд этилган. Ҳайдовчининг нафасида 0,135 мг/л ва ундан юқори миқдорда алкоголь аниқланган тақдирдагина Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилади.

“Lacetti” русумли 90 576 ХАА давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси ва йўловчилари томонидан олинган дастлабки видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқатилгач, ҳайдовчи ўзининг мастлик ҳолати юзасидан ўтказилган текширув жараёнини олган видеотасвирни ҳам ижтимоий тармоқларга тарқатган.

Хизмат суриштируви якунига кўра жараёнга тўлиқ аниқлик киритилади ва бу юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати    

Text to speech