3 Август 2021 йил 693

Расмий муносабат: “Kun.uz” интернет нашрида “Ҳазорасп тумани ЙҲХБ пости олдида автомобилларнинг жуда катта тирбандлиги юзага келган” номли сарлавҳа остида эълон қилинган хабар юзасидан

2021 йил 3 август куни “Kun.uz” интернет нашрида “Ҳазорасп тумани ЙҲХБ пости олдида автомобилларнинг жуда катта тирбандлиги юзага келган” номли сарлавҳа остида эълон қилинган хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Маълумки ҳар йили мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш мақсадида икки босқичда “Қорадори-2021” профилактик тадбири ўтказиб келинмоқда.

Мазкур профилактик тадбирнинг жорий йил 1 май кунидан 30 июнь кунига қадар давом этган биринчи босқичи давомида Хоразм вилоятида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар олдинги йилларга нисбатан ошганлиги маълум бўлди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Қорадори-2021” профилактик тадбирнинг 1 август куни бошланган иккинчи босқичи давомида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирлар янада кучайтирилиб, Хоразм вилоятини қўшни Қорақолпоғистон Республикаси билан боғловчи автомобил йўлларида мавжуд ЙПХ масканлари ва тўсиқ-постларда ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари шахсий таркибидан иборат қўшма гуруҳлар фаолияти йўл қўйилди.

Ушбу гуруҳларнинг асосий вазифаси вилоятимиз ҳудудига кириб келаётган автомототранспортларда гиёҳвандлик воситаларининг транспортировкасини аниқлашдан иборат бўлганлиги боис, Ҳазорасп туманидаги мунтазам ЙПХ масканида фаолият олиб борган ишчи гуруҳ шу маскан орқали ҳаракатланаётган барча транспорт воситаларини ташқи кўздан кечириш  мақсадида 2 август куни бевосита ЙПХ маскани олдида “Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган” (STOP) белгиси ўрнатилган, лекин ушбу чора-тадбир автомобиль йўлида транспорт воситаларининг тирбандлигини юзага келтирганлиги сабабли 3 август куни олинган. Хозирги кунда ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини амалга ошириш чоғида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлгандагина фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириб келмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, “Қорадори-2021” профилактик тадбирининг иккинчи босқичи жорий йилнинг 30 сентябрь кунига қадар давом этади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech