Расмий муносабат: “Қонун доирасида” МЧЖ нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Хоразмда ИИБ ходимлари фуқарони мажбурлаш холати” номи остида эълон қилган видеолавҳалари юзасидан
2021 йил 12 сентябрь куни “Қонун доирасида” МЧЖ нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Хоразмда ИИБ ходимлари фуқарони мажбурлаш холати” номи остида видеолавҳа жойлаштирилган бўлиб, ушбу видеолавҳаларда ички ишлар органлари ходимлари ва бир гуруҳ фуқаролар ўртасидаги низоли холат акс этган.
Мазкур видеолавҳа ва унда акс холатлар бугунги кунда Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилмоқда.
Шундай бўлсада холат юзасидан қуйидагиларни дастлабки маълумот тариқасида билдирамиз:
Бугунги кунда табиий газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллаларда жойлашган хонадонлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан газ тармоғидан ажратилиб, суюлтирилган газ ва кўмир билан узлуксиз равишда таъминлаб келинмоқда.
Шундай бўлсада, Урганч туманининг “Обод” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ўз хонадонларини газ тармоғига қайта улаш ҳақидаги мурожаатини 2021 йил 18 август куни йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини қасддан бузиб, Урганч тумани ҳудудидан ўтган 4Р156 автомобил йўлининг қатнов қисмига чиқиб, транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб, қонунга хилоф равишда билдиришган.
Ушбу фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйиш ва автомобил йўлида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида Урганч тумани ИИБ ходимлари ва Ҳокимлик мутасаддилари ҳодиса жойига зудлик билан етиб борган. Аммо шу ерда бўлган фуқаро Даврон Раҳимов ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасдан ҳамда ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида даъватлар қилиб, шунингдек ички ишлар органлари ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида била туриб сохта уйдирмаларни тарқатган.
Шундан кейин мазкур холат Урганч тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилган. Даврон Раҳимовнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, тўпланган материаллар маъмурий тартибда кўриб чиқишлик учун туман судига юборилган.
Суд мажлиси жорий йилнинг 11 сентябрь куни соат 15:30 га тайинланиб, ҳуқуқбузар Даврон Раҳимовга судга ўз вақтида етиб келишлик тўғрисида СМС ва ёзма шаклда хабарнома юборилган. Даврон Раҳимов судга ўз вақтида етиб бормаганлиги сабабли, шу куни соат 17:40 да уни уйига суд ажримига кўра мажбурий келтиришни таъминлаш учун Урганч тумани ИИБ ходимлари келишган. Аммо Даврон Раҳимов ўзини спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини рўкач қилиб, судга бормаслигини айтган. Шунингдек Даврон Раҳимов бу жараёнга қўшниларининг эътиборини жалб қилиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасликка эришиш мақсадида, ички ишлар органлари ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқаришга қаратилган сохта уйдирмаларни била туриб тарқатишда давом этган.
Ўз навбатида ички ишлар органлари ходимлари Д.Раҳимовни ички ишлар органига олиб боришга уриниб қонунга мувофиқ ҳаракат қилишган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасида ( Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари) ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида фуқаролардан қонунчиликка риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда ушлаш ва ички ишлар органларига олиб бориш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек мазкур қонуннинг 22-моддасида (Жисмоний куч ишлатиш) агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун, жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун, ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади деб белгиланган.
Жорий йилнинг 13 сентябрь куни фуқаро Даврон Раҳимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194, 195 ва 201-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аломатлари бўйича тўпланган ҳужжатлар Урганч тумани суди биносида жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди ва у юқоридаги моддаларда кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 10 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шу ўринда юртдошларимиздан, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ижтимоий ва маиший муаммолар босқичма-босқич бартараф этилаётганлигини тўғри англаган ҳолда қўллаб-қувватлашларини, ҳамда турли муаммоларни рўкач қилиб аҳолида давлат бошқаруви органларига ишончсизликни шакллантиришга уринаётган айрим шахсларнинг баландпарвоз алдовларига учмасликларини сўраймиз. Ўз ариза, таклиф ёки шикоятингизни қонунда белгиланган тартибда билдиринг. Зеро, ҳуқуқий давлатнинг кўзи ҳам, сўзи ҳам, қуроли ҳам, ҳимояси ҳам қонундир.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати