Расмий муносабат: “Қонун доирасида” МЧЖнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчисининг процессуал хатти-ҳаракатларидан норози эканлиги билдирилган мурожаати юзасидан
Ижтимоий тармоқлардаги электрон нашр ҳисобланган “Қонун доирасида” МЧЖ жорий йилнинг 7 сентябрь куни ўзининг саҳифасида Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси Э.М.Мадраҳимов томонидан 332171/2021-сонли жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатларини олиб боришда процессуал нормаларнинг бузганлигини баён қилиб, унга нисбатан чора кўрилишини сўраб мурожаат йўллаган.
Мазкур мурожаат юзасидан қуйидагилар маълум қиламиз: Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ЎМИБ терговчиси Э.М.Мадраҳимов томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган юқоридаги жиноят иши биринчи босқичда Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани судида кўриб чиқилган бўлиб, судланувчи томонидан апелляция тартибида келтирилган шикоятга асосан жорий йилнинг 2 август куни Хоразм вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.
Жиноят иши апелляция инстациясида кўриб чиқилгач, судлов ҳайъати томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 2-қисми билан судланувчи Ф.С.Рузметовга оид жиноят иши бўйича Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ ЎМИБ терговчиси Э.Мадраҳимов томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг кенгайтирилган йиғилишида терговчилар иштирокида муҳокама қилиш юзасидан хусусий ажрим чиқарилган.
Юқоридаги хусусий ажрим вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига келиб тушган бўлиб, кўрсатилган тартибда муҳокама этилишини таъминланади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати