Расмий муносабат: Қўшкўпир туманида яшовчи Б.Йўлдашевнинг ижтимоий тармоқ орқали йўллаган мурожаати юзасидан
2021 йил 14 март куни ижтимоий тармоқларда Қўшкўпир туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган, Йўлдошев Бобурбек Хурсандбек ўғлининг мурожаати эълон қилинган.
Мазкур мурожаат тааллуқлиги бўйича Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагилар аниқланди.
2020 йил 29 декабрь куни фуқаро Б.Йўлдашев ўзи билан бир мактабда ўқийдиган, 2006 йилда туғилган А.Полвонов билан ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик сабабли, ўзаро жанжаллашган пайтида А.Полвонов унга ошхона пичоғи билан ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўшкўпир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчиси томонидан 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси нормаларига мувофиқ олиб борилган.
Фуқаро Б.Йўлдошев ва унинг яқин қариндошлари жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Б.Йўлдашевга А.Полвонов ва унинг қариндоши Ш.Полвоновлар томонидан жароҳат етказилганлигини таъкидлаб келган бўлсаларда, Ш.Полвоновнинг мазкур жиноятда айблаш учун учун Б.Йўлдошевнинг кўрсатмасидан ташқари бошқа бирон бир далил ёки гувоҳлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли, жиноят ишининг унга нисбатан бўлган бир қисми 30.01.2021 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тергов органи иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб, ишда юзага келган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларга тўлиқ аниқлик киритган.
Бугунги кунда жиноят ишининг дастлабки тергови якунланиб, мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати