Расмий муносабат: "Урганч шаҳрида ЙПХ ходимлари қоидага ўзлари амал қилмайдими?" номли савол остида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан
2020 йил 2 декабрь куни турли ижтимоий тармоқларда Урганч шаҳридаги марказий кўчалардан бирида ҳаракатланиб келаётган “Tracker” русумли махсус жиҳозланган хизмат автомобили йўл белгисига зид равишда ҳаракатланганлиги акс этган видеолавҳа тарқалган бўлиб, унга "Урганч шаҳрида ЙПХ ходимлари қоидага ўзлари амал қилмайдими? " деган савол илова қилинган.
Ушбу видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганида қуйидагилар маълум бўлди:
Хоразм вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тегишли 90 201 VSF давлат рақам белгили “Tracker” русумли махсус жиҳозланган мазкур хизмат автомобилини хизматда фойдаланиш учун бириктирилган ЙПХ инспектори 2 декабрь куни Урганч шаҳрида бошқариб бораётиб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-бандини (йўл ҳаракати қатнашчилари ... йўл белгиларининг талабларини билишлари ва уларга амал қилишлари.... шарт) қўпол равишда бузиб, 4.1.4. («Ҳаракатланиш тўғрига ёки ўнгга» )йўл белгисига риоя қилмасдан чап томонга бурилиб ҳаракатланишни давом эттирган.
Ўрганиш якунига кўра 90 201 VSF давлат рақам белгили “Tracker” русумли махсус жиҳозланган мазкур хизмат автомобили ҳайдовчиси бўлган ЙПХ инспекторига 02.12.2020 йил куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси тайинланиб, шу куннинг ўзида жарима суммасининг ундирилиши ҳам таъминланди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати