Расмий муносабат: Хоразм вилоятида ЙПХ инспекторига бириктирилган махсус хизмат автомашинасида йўл ҳаракати қоидаси бузилганлик холати юзасидан
Жорий йилнинг 28 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторига бириктирилган хизмат автомашинасида йўлнинг сидирға чизиғини босиб ҳаракатланиш билан боғлиқ йўл ҳаракати қоидасини бузиш акс этган фотосурат жойлаштирилиб, ушбу фотосуратга “Хоразмда Гаиларга ҳамма нарса мумкинми?” номли изоҳ ёзилган.
Мазкур хабар Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагиларга аниқлик киритилди:
Фотосуратда шу йилнинг 27 октябрь куни соат 09:30 ларда Хонқа тумани “Мадир” қишлоғи ҳудудидан ўтган 4R 156 автомобиль йўлининг 23 километрида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ инспектори ўзига бириктирилган “Ласетти” русумли 90 529 VSF давлат рақам белгили махсус транспорт воситасини йўл ҳаракати қоидаларининг 3-банди талабини бузиб бошқарган (узлуксиз сидирға чизиғини босиб ҳаракатлангани) пайти акс этган. Шу боис ЙПХ инспекторига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Бундан ташқари келгусида йўл ҳаракати қоидаларини бузилишининг олдини олиш мақсадида мазкур холат вилоят ИИБ ЙҲХБ шахсий таркиби ўртасида муҳокама қилиниб, тушунтириш ишлари олиб борилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати